Линклар

logo-print

“Турк гамбити” можаролари

  • Озодлик

Хабарларга қараганда, айни кунларда Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида кенг реклама қилинаётган “Турк гамбити” фильмининг Тошкентдаги айрим кинотеатрларда намойиш этилиши тақиқланган.

“Озодлик” мухбири бир неча кинотеатрлар вакилларидан мазкур фильмни намойиш этишни ким ва нима учун тақиқлагани ҳақида маълумот ола олмади. Улар бу ҳақда гапиришни истамади.

Аммо Тошкентдаги “Кино олами” кинотеатри ходими Сергей “Турк гамбити” фильмини Ўзбекистонда намойиш этиш ноқонунийлигини билдирди.

Унинг айтишича, фильмни мамлакат кинотеатрларига чиқариш учун унинг ижодкорларидан рухсат олиш лозим. Агар “Турк гамбити” Ўзбекистоннинг қайсидир кинотеатрида кўрсатилаётган бўлса, бу қонунга зиддир.

Таъкидлаш керакки, 5 апрель куни янги, муҳташам “Премьер ҳолл Баша” кинотеатрининг очилиш маросимида айнан “Турк гамбити” намойиш этилди.

Ушбу кинотеатр “Terra Group” компаниясига қарашлидир. “Баша” клуби иш бошқарувчиси Билгин Халиловнинг айтишича, “Турк гамбити” бу ерда ҳеч қандай муаммоларсиз қўйилмоқда. Унга ҳеч қандай тақиқ қўйилмаган.

“Зарафшон” концерт залида ҳам “Турк гамбити” бемалол намойиш этилаётгани маълум бўлди.

Кичикроқ кинотеатрлардан бирининг раҳбари сўзларига кўра, у мазкур фильмни намойиш этишга тайёргарлик кўраётганида “Кино олами” вакиллари келиб, “Турк гамбити”ни шартнома тузмасдан кўрсатиш мумкин эмаслиги тўғрисида огоҳлантирган.

Маълум бўлишича, “Турк гамбити” фақат “Премьер Холл Баша” ва Юрий Гагарин номидаги кинотеатрларда, “Зарафшон” концерт залида бирор муаммоларсиз қўйилмоқда. Бошқа кинотеатрларда эса номаълум сабабларга кўра намойишга рухсат этилмаган.

“Ўзбеккино” агентлиги ходимларидан бирининг билдиришича, “Турк гамбити”ни агентлик рухсатисиз намойиш этиш қонунга хилофдир.

Режиссёри асли ўзбекистонлик Жаник Файзиев бўлган “Турк гамбити” фильми россиялик киноижодкорлар томонидан суратга туширилган. Фильмга XIX асрдаги рус-турк уруши воқеалари асос қилиб олинган.

Шу пайтгача Россияда бу фильмни 5 миллион киши томоша қилди. У келтирган фойда эса 18 миллион долларни ташкил этди. Бу Россия кино индустрияси тарихида рекорд натижадир.
XS
SM
MD
LG