Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:43

Ҳозирги шароитда ўқитувчини бир хил кийинтириш шартмиди?


Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг умумтаълим муассасалари ўқитувчиларининг кийиниш маданияти тўғрисидаги жорий йил февралдаги буйруғи қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ўқитувчини бир хил кийинтиришдан мақсад нима? Ўқувчиларни бир хил кийинишга ўтказиш ҳали-ҳунуз ечилмаган масала бўлиб турганда муаллимларни ҳам улар сафига қўшиш шартмиди?

Бу каби саволларни бугун Ўзбекистонда кўп эшитиш мумкин. Баъзилар вазирликнинг бу буйруғини тушуниш билан қабул қилаётган бўлса, айримлар уни нотўғри ҳисобламоқда.

Ўқитувчилар орасида шундай ҳам маош яшашга етмаётган бир пайтда ўз ризқини қийиб, янги форма тиктиришдан норози бўлаётганлари ҳам бор.

Халқ таълими вазирлиги муассислигида чоп этиладиган “Маърифат” газетаси махсус мухбири Баҳодир Жовлиевнинг сўзларига қараганда, бир ўқитувчи янги форма тиктириш учун 14-15 минг сўм сарфламоқда. Агар улар бошқа кийим тиктирганда бундан ҳам қимматга тушиши мумкин.

“Кийиниш маданияти ҳақида буйруқ қабул қилинишининг ўзига хос сабаблари бор. Ўқитувчилар орасида далада ишлаб қайта туриб, мактабга кириб дарс ўтиб кетаётганлари ҳам учраб турибди. Ортиқча зеб-зийнатга беланиб ишга келаётган ўқитувчилар ҳам бор. Бу эса ўқувчиларнинг фикрлаши, дунёқараши ўзгаришига олиб келяпти”, деди Б.Жовлиев.

Буйруқ юзасидан расмийлар билдирган фикрлар ҳам газета мухбирининг мулоҳазаларига мос келади. Улар ҳам ўқитувчиларнинг кийиниши ўқувчилар руҳиятига салбий таъсир қилмаслиги лозимлигини билдирди.

Журналист Шароф Убайдуллаевнинг таъкидлашича, ўқитувчиларни бир хил кийинишга мажбур қилиш бугунги кунда, бугунги ҳаётда ғайриоддий туюлиш билан бирга асосга ҳам эга эмас. Чунки ҳозир ўқитувчининг ўз тирикчилигини таъминлаши ҳам жиддий муаммо бўлиб турибди. Шунинг учун бу ҳақда буйруқ чиқаришдан аввал ўқитувчиларнинг аҳволини ва фикрларини ўрганиб чиқиш лозим эди.

Дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида ўқитувчилар айрим мактабларда форма кийиб юради.

“Аммо ҳозирги шароитда бизда форма жорий этиш шартмиди? Жамият бой-бадавлат, фаровон яшаганда ўқитувчини шундай кийинтириш мумкин эди”, - деди Ш.Убайдуллаев.
XS
SM
MD
LG