Линклар

Аҳмаб отани эслаб ёки боқувдаги милиционерлар қурбони

  • Садриддин Ашур

Бир йил муқаддам Тошкентнинг Чорсу бозорида нотаниш аравакаш йигитни ҳимоя қилгани учун милиция ходими зарбасидан вафот этган Аҳмаджон Турдиев ҳаққига ўтган ҳафтада Қуръон тиловат қилинди.

Бу воқеа 2004 йил 28 мартда юз берганди. “Камолон” маҳалласилик Аҳмаджон ота бозорлик қилгани Чорсуга тушганди. Уйга қайтаётганда эса милиция ходими бозорда арава тортиб тирикчилик қилиб юрган йигитни ҳақорат қилаётгани устидан чиқди.

У юзлаб одамлар томошабин бўлиб турган бир вақтда йигитни ҳимоя қила бошлади. Бунга жавобан милиционер отага кетма-кет зарба берди. А.Турдиев бу зарбалар оқибатида бозорнинг ўзида жон таслим қилди.

Маҳалладошларининг айтишича, Аҳмад ота табиатан мулойим одам бўлган. Шунинг учун у милиционерлар сиқувга олаётган оддийгина йигитга раҳми келиб, уни ҳимоя қилмоқчи бўлган.

Аҳмад отанинг қўшниси ва энг яқин дўстларидан бирининг сўзларига қараганда, А.Турдиев жуда серғайрат одам бўлган. Меҳнаткашлигини бутун маҳалла ҳурмат қилган. Ўша машъум кунда ҳам эрталаб намоз ўқиб, бозорлик қилгани борганди.

“Бугунги кунда Чорсу бозорининг боқувдаги 10-12 милиционери бор. Уларнинг ёнига 50-60 нафар курсант ҳам қўшиб берилади. Улар мисоли қутурган ит. Уларда халқ билан ҳисоблашиш йўқ”, - дейди Аҳмад отанинг дўсти.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Жаҳонгир Шосалимовнинг таъкидлашича, А.Турдиевнинг ўлимига сабабчи бўлган Шуҳрат Қосимов исмли милиция ходими шу кунларда ҳам ўз вазифасида ишламоқда. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг уни жиноий жавобгарликка тортишни сўраб, туман ва шаҳар прокуратураларига қилган мурожаатлари эса инобатсиз қолдирилган.

“Лекин Аҳмад ота бизга кўп нарсаларни ўргатиб кетди. У бизга ҳақиқат йўлида ҳеч нарсадан чўчимасликни, Аллоҳнинг олдига тоза юрак билан кетишни ўргатди”, - деди Ж.Шосалимов.
XS
SM
MD
LG