Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:50

Бошқирдистонлик пикетчилар Москвада


Грузия, Украина ва Қирғизистондаги каби президентларни алмаштириш энди қайси мамлакатда юз беради? Бу борадаги турли башоратлар, турли тахминлар бугун дунё матбуотда кўплаб чоп этилмоқда. Ана шу башоратлар орасида Бошқирдистонда ҳам инқилоб бўлиши мумкин, деган тахминлар бор. Март ойи охирларида Уфа шаҳрида бир неча минглаб одам мамлакат президенти Муртаза Рахимов истеъфосини талаб қилиб норозилик намойиши ўтказди. Кейинчалик пикетлар авж олди. Куни кеча пикетчилар Москвага ҳам етиб борди. Москвада бўлган пикет ва пикетчиларнинг талаблари тўғрисида ҳамкоримиз Турғунбек ҳикоя қилади.

7 апрел куни Москванинг Лубянка майдонида Бошқирдистондан келган 220 дан ортиқ киши мамлакат президенти Муртаза Рахимовнинг истеъфосини талаб қилиб, пикет ўтказди. Қамоқхона маҳбусларидек оқ-қора йўл-йўл кийимда бўлган пикетчиларнинг қўлидаги плакатларда: «Рахимов ҳукуматни ўзлаштириб олгани учун жавоб берсин», «Бошқирдистон фашистик республика, Россиянинг фашизми» каби сўзлар битилганди. Пикетчилар орасида Бошқирдистоннинг Шаран район газетаси бош муҳаррир ўринбосари Файл Ахметшин ҳам бор. У мамлакатдаги судлов тизими издан чиққани муносабати билан пикетда қатнашаётганини гапириб, судлардаги тартибсизликлар боис, ҳозирги кунда, ўзининг ишсиз қолиш эҳтимоли борлигига тўхталади:

”Олий суд президуми менинг ишимни район судига қайтарди, район суди янгитдан қарорлар чиқариб, мени ишсиз қолдирмоқчи. Умуман, мамлакатда суд тизими издан чиққан, бунга президент сабабчи”, - деди Файл Ахметшин.

Пикетчилардан яна бири - Татар миллий ҳаракати партиясининг вакили, профессор Мажид Хужин мамлакатда татар тилига давлат тили мақоми берилиши лозимлигини, бироқ ғоряга президент тўсқинлик қилаётганини гапиради:

”Татар миллий ҳаракатининг асосий мақсади, татар тилига давлат тили мақоми берилишига эришиш. Бу борада биз Раҳимовга бир неча марта мурожаат қилдик, аммо президент арзимизни тингламади. Шунинг учун энди Раҳимовни лавозимидан олмагунча, биз тўхтамаймиз”, - деди Татар миллий харакати партиясининг вакили, профессор Мажид Хужин.

Бошқирдистоннинг юз мингдан ортик ахолиси имзолаган талабномани пикетчилар ўзлари билан олиб келганини, бу талабноманинг Россия президенти Путинга топширилиши зарурлигини «Нафақачи»лар партиясининг вакили Равил Ахметов айтади. Унга кўра, мамлакатда сиёсий саводсизлик авж олган ва яна бир қатор муаммолар борки, халқ жуда қийин ахволда.

”Президент Рахимов даврида, аҳоли орасида сиёсий саводсизлик юзага келди. Турли имтиёзлардан махрум бўлганмиз, буларнинг ҳаммаси халқнинг турмуш тарзини пасайтириб юборди", - деди Нафақахўрлар партиясининг вакили Равил Ахметов.

Мухолифатдаги партия вакили Айрат Дилмухамметов, собиқ Иттифоқдан қолган давлатларни йиллар давомида жиноятчилар тўдаси бошқариб келганини, хусусан Бошқирдистонда ҳам шундайлигини, эндиликда халқ бу жиноятчилар тўдасидан тўйгани ва инқилоб қилиш даражасида турганини айтади:

”Грузия, Украина, Қирғизистон ва Бошқирдистон муштарак жихати – уларнинг ҳаммасини йиллар давомида жиноятчилар тўдаси бошқариб келди. Улар халқнинг дарди билан умуман ҳисоблашмаган. Шунинг учун халқ улардан тўйди,хозир Бошқирдистон инқилоб арафасида”, - деди мухолифатдаги партия вакили Айрат Дилмухамметов.

Россия пойтахтида Бошқирдистонликларнинг пикетни кузатган Москвадаги Этно-сиёсий тадқиқотлар маркази рахбари Эмил Паеинга кўра Бошқирдистон масаласини Россия ҳукумати жиддий ўйлаб кўрадиган вақт келди:

”Бу холат менга 1905 йилда халқ ўзи ёқтирмаган амалдорларга қарши намойишга чиққанини эслатади. Ўшанда воеқа бир зумда, халқни ўққа тутиш билан якунланганди. Бугун эса, бундай бўлмайди, ҳокимият бироз тийилади. Чунки бу жараённи тўхтатишнинг жйлб иложи йўқ. Чунки бу холат учта инқилоб натижаси. Уларнинг акси яққол кўриниб турибди. Инқилоб тажрибаларини бир-биридан ўрганиш, тадбиқ этиш холатлари бор. Шу ўринда бугун Бошқирдистон масаласи Россия хукуматига жиддий хавф туғдиради ва бу Россия хукумати жиддий ўйланадиган ҳолат”, - деди Москвадаги Энто-сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари Эмил Паеин.

Москванинг Лубянка майдонидаги пикетни кузатган «Озодлик» радиоси мухбирига кўра, Бошқирдистонлик пикетчилар 100 мингдан ортиқ аҳолининг президент Муртаза Раҳимов истеъфосини сўраб имзо чеккан талабномасини Россия президенти Владимир Путинга топширган. Агар президент Путин томонидан муносабат билдирилмаса, пикетчилар 16 апрел куни Бошқирдистоннинг бир неча шаҳарларида норозилик намойишларини ўтказади. 1 май куни эса тўхтoвсиз намойишларни бошлаб, чодирлар ўрнатиш тараддудида эканлигини айтган.
XS
SM
MD
LG