Линклар

Қозоғистон коинотни ўзлаштиришдан манфаатдор


Тургунбек Қозоғистон коинотни ўзлаштиришга 200 миллион доллар сарфлаб, янги қўшма корхона ракета-коинот мажмуасини яратмоқчи. Ўзбекистонлик мутахассис ва жамиятшуноснинг мавзу бўйича муносабатини ўрганиб, ҳамкоримиз лавха тайёрлади.

«Бойтерак» ракета-коинот мажмуаси деб номланган қўшма корхона Россия билан ҳамкорликда ташкил этилади. Икки хафта аввал Остонда унинг таъсис ҳужжатлари имзоланиб, Қозоғистон томонидан 200 миллион доллар сарфланадиган бўлди.

Маълумотларга қараганда, Қозоғистон билан Россиянинг коинот тадқиқотлари сохасидаги ҳамкорлиги яхши натижаларда. Масалан 2005 йилнинг охирларига бориб, «ҚазСат» деб номланган биринчи сунъий йўлдош учирилади. У Россиянинг Хруничев номидаги илмий - ишлаб чиқариш марказида яратилаяпти.

Сунъий йўлдошдан республика хавфсизлигини ва ахборот мустақиллигини таъминланишда ҳам фойдаланилади. Унинг ёрдамида, Каспий ҳамда чегара худудларида, тадқиқотлар, кузатувлар олиб борилади. Биринчи йўлдошни яратишга Остона 65 миллион доллар ажратган.

Қозоғистоннинг коинот тадқиқотлар сохасидаги иккинча кадами эса – бу ҳозиргина айтганимиз «Бойтерак» ракета – коинот мажмуасидир.

Авиация мухандиси, Ўзбекистон «Коинот» илмий ишлаб чиқариш бирлашмасида бир неча йиллар лаборатория мудири бўлиб ишлаган Равшан Азимовнинг айтишича, Қозоғистоннинг коинотни тадқиқ этиш сохасида бугун имкониятлари жуда кенг. Қолаверса, Остона Москва билан бу сохада тиғиз ҳамкорлик қилаяпти.

”Биринчидан, Бойқўнғир, жуда катта космодром ҳисобланади, ҳозирги кунда 20 дан ортиқ старт майдони бор. Шунга асосан Бойқўнғирни «космик технополис» десак бўлади. Иккинчидан¸ ҳозирги кунда Россия билан биргаликда учтадан бештагача космонавт тайёрланаяпти. Учинчидан¸ ҳозир Россия билан метеорологик сунъий йўлдошлар яратиш устида ишлар олиб борилмоқда. Тўртинчидан, Қозоғистон Бойқўнғирдан ташқари яна битта космодром қуриш тараддудида”, - дейди ўзбекистонлик мутахассис.

”Қозоғистоннинг Россия билан коинот соҳасидаги ҳамкорлиги иккала мамлакатга ҳам манфаатли ва бу ҳамкорликнинг истиқболи порлоқ, келажакда катта даромад келади”, - дейди ўзбекистонлик жамиятшунос Комрон Алиев.

”Бойқўнғирдаги марказдан ва янги тузилаётган қўшма корхонадан иккала томон ҳам манфаатдор. Чунки кейинчалик бу ердан коинотга учадиган сайёҳларнинг кўпайиши мумкин. Маълумки, ҳар битта сайёҳдан 20 миллион доллар олинади. Ҳозир эса коинот сайёҳлиги ривожланиб келаяпти ва дунёда бунақа пулни тўлайдиган одамлар анчагина топилади. Шунинг билан бирга Қозоғистондаги марказдан фойдаланиб, атрофдаги мамлакатлар ҳам ўзларининг сунъий йўлдошларини фазога чиқармоқчи бўлса, улар ҳам пул тўлайди. Учириш имкониятлари қулайлигини ҳисобга олган ҳолда, кейинчалик Европа мамлакатларидан, хатто Америкадан ҳам қўшимча буюртмаларни кутиш мумкин”, - деди ўзбекистонлик жамиятшунос Комрон Алиев.
XS
SM
MD
LG