Линклар

Ўзбекистон Қирғизистонга ёрдам жўнатди

  • Барно Анвар

12 апрель куни Ўзбекистон ҳукумати қўшни Қирғизистонга шошилинч гуманитар ёрдам жўнатди. 60 вагондан иборат бу ёрдамнинг умумий қиймати 600 минг доллар экани айтилмоқда.

Қирғизистон муваққат ҳукумати мамлакатнинг жанубий ўлкаларида кечикиб бораётган қишлоқ хўжалиги ишларини тезлаштириш ва қайта тиклаш ишлари учун шошилинч моддий-техник гуманитар ёрдами сўраб, бирмунча вақт илгари Ўзбекистонга мурожаат қилган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокировнинг билдиришича, Қирғизистонга жўнатилган ёрдам, асосан, ўғит, уруғлик чигит, ёнилғи, қурилиш материалларидан иборат.

Ўзбекистон Қирғизистоннинг янги ҳукуматига ёрдам кўрсатаётган илк давлатлардан ҳисобланади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, ёрдамни жўнатиш маросимида Қирғизистон Бош вазирининг маслаҳатчиси, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда қайта ишлаш саноати вазири вазифасини бажараётган Абдумалик Анорбоев ва бошқа расмийлар иштирок этган.

Шунингдек, Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Қурманбек Бақиев кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик изҳор этгани хабар қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG