Линклар

Президент девони пикет қилинди


Тўлқин 12 апрель куни “Ҳизб ут-таҳрир” ва ваҳҳобийлик каби диний оқимларга алоқадорликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган ёшларнинг яқинлари Ўзбекистон Президенти девонини пикет қилди.

Бу фуқаролар бир кун илгари Тошкент шаҳри жиноят ишлари суди биносини ҳам пикет қилган эди.

Пикетчиларнинг аксарияти тақиқланган диний ташкилотларга алоқадорликда айбланиб, 11 апрель куни 7 йилга қамоқ жазосига ҳукм этилган 21 ёшли Шуҳрат Абдураҳмоновнинг яқинлари эди.

Яна бир қисми эса ваҳҳобийликда гумон қилиниб, 7 ой муқаддам Тошкентнинг Ҳамза туманида ҳибсга олинганларнинг қариндош-уруғларидир.

Пикетчиларнинг сўзларига қараганда, бу ёшлар ноҳақ айбланган. Ҳибсхонада ва тергов жараёнида уларга нисбатан қаттиқ қийноқлар қўлланилган.

Пикетчилар бу ёшларнинг озод этилишини, уларни қийнаган ҳуқуқ-тартибот ходимлари жавобгарликка тортилишини талаб қилди.

Пикетчиларнинг таъкидлашича, ўтган йил кузда Ҳамза туманида яшовчи 1980-83 йилларда туғилган қирқ нафар ёш ҳибсга олинган. Улардан 19 нафари озод қилинган бўлиб, 21 киши устидан шу кунларда суд бошланади.

Ота-оналарнинг айтишича, бу ёшлар намоз ўқишни мактабда ўқиб юрганида ўрганган. Ўша пайтларда уларга таълим берган киши ваҳҳобийликда айлангани сабабли орадан шунча вақт ўтиб, ёшларга ҳам шу айб қўйилмоқда.

Норозилик акцияси бошланишидан аввал Президент девони олдида ҳуқуқ-тартибот ходимлари шай турарди. Улар бу ерга автобус ҳам олиб келиб қўйганди. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари пикетчиларни автобусга чиқаришга ҳам уриниб кўрди. Лекин бу уриниш амалга ошмади.

Пикетчиларнинг талабларини Вазирлар Маҳкамасидан келган бир вакил ўрганди. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари ҳам пикетчилар билан мулоқот олиб борди.
XS
SM
MD
LG