Линклар

logo-print

Очиқ суд ёпиқ ўтди


Тўлқин “Ҳизб ут-таҳрир” ва ваҳҳобийлик диний оқимларига алоқадорликда айбланиб, судга тортилган кишиларнинг ота-оналари ва яқинлари 11 апрель Тошкент шаҳри жиноят ишлари суди биноси олдида норозилик пикети ўтказди.

Улар айбланувчилар бегуноҳ экани сабабли озод этилишини талаб қилди.

Шу куни бу ерда иккита суд жараёни бўлиб ўтаётган, айбланувчилар устидан ҳукм ўқилиши керак эди.

Тушгача бўлиб ўтган биринчи судда 21 ёшли Шуҳрат Абдураҳмонов 7 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ш.Абдураҳмоновнинг яқинлари сўзларига кўра, у туҳмат асосида қамалган. Милиция хонасида унинг чўнтагига варақа солиб қўйилган. Шундан кейин у ҳибсга олиниб, барча айблар қийноқлар воситасида бўйнига қўйилган. Шуҳрат судда ўзига нисбатан туҳмат уюштирилганини, қийноқлар қўлланилганини айтган бўлса-да, судья бу даъволарни инобатга олмаган.

Иккинчи суд жараёнида эса тақиқланган диний ташкилотга алоқадорликда айбланган навбатдаги 8 киши устидан ҳукм ўқилди. Уларга 6 йилдан 13 йилгача қамоқ жазоси белгиланди.

Судланганларнинг яқинлари таъкидлашича, улар фақат намоз ўқигани учунгина қамоққа тиқилган. Улар ўзларини айбдор сифатида тан олиши учун мислсиз қийноқлар қўлланилган. Тергов ҳам бир томонлама олиб борилган. Судда айбланувчиларнинг яқинлари сўзлашларига имконият берилмаган.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, мазкур суд жараёнлари ўтаётган пайтда суд биноси атрофи ўта кучайтирилган тарзда назорат қилинди. Гарчи суд очиқ ўтиши белгиланган бўлса-да, унга кириш судья томонидан тузилган махсус рўйхат асосида амалга оширилди. Судларга журналистлар қўйилмади.
XS
SM
MD
LG