Линклар

logo-print

БМТ қўмитасининг якуний мулоҳазалари

  • Садриддин Ашур

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Ўзбекистон ҳукумати тақдим этган маъруза бўйича ўзининг якуний мулоҳазаларини 10 апрель куни эълон қилди.

Ўзбекистон ҳукуматининг маърузаси қўмитада 21-22 март кунлари тингланган эди.

Қўмитанинг якуний мулоҳазаларида таъкидланишича, Ўзбекистон томони фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пактни ратификация қилгани учун мамлакатда инсон ҳуқуқларига ва эркинликларига риоя этиши шарт.

“Ўлим жазосига ҳукм этилган аксарият кишиларнинг ишлари қўмитага юборилганига қарамай, ҳукм ижро этилди. Шунинг учун ҳам ҳозир ўлим жазосига ҳукм этилганларнинг ишлари янгиланган ва тўлдирилган ҳолда қўмитага тақдим этилиши лозим”, - дейилади якуний мулоҳазаларда.

Мулоҳазаларда Ўзбекистон қонунчилигида қийноқларга қарши қандай чора-тадбирлар белгилангани, шунингдек, маҳбусларнинг сақланиш ҳолати, овқатланиши, гигиенаси ҳақида қўмитага маълумот тақдим этилиши сўралган.

Қўмита билдирган мулоҳазалари бандларидан бири “Одил судлов ҳуқуқи” деб номланади. Унда айтилишича, Ўзбекистонда судьялар Президент томонидан 5 йилга тайинланади. Уларда яна ушбу лавозимга тасдиқланиш ҳуқуқи бор.

Қўмита бундай амалиёт мустақил суд органлари тамойилларига қанчалик тўғри келиши, бундан тўрт йил аввал тингланган биринчи маърузадан кейин берилган тавсиялар асосида қандай ўзгаришлар бўлганига қизиққан.

Қўмита билдирган мулоҳазаларнинг бирида шундай ёзилган: “Прокурорлар судлар розилигини олмасдан текширишнинг ҳар қандай йўлини танлаш ҳуқуқига эга. Ҳимоя эса ҳеч қандай текшириш воситаларига эга эмас. Бу ҳолат изоҳлаб берилиши лозим”.

Шунингдек, қўмита мулоҳазаларида терроризмга қарши кураш доирасида ҳибсга олинган шахсларнинг қийноқлар воситасида айблари тасдиқлатилгани ҳақида маълумотлар борлиги айтилади.

Бу мулоҳазаларда мусулмонлар томонидан бажарилаётган диний урф-одатлар ҳукумат идоралари томонидан тўлиқ назорат қилиниши, диний эътиқоди учун 6 мингга яқин киши қамалгани айтилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Исмоилов БМТ қўмитаси мулоҳазаларида келтирилган бу рақамларни инкор қилди.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда ҳеч ким диний эътиқоди учун қамалгани йўқ. Қамалганлар эса фақат жиноят содир этгани учунгина жавобгарликка тортилган.

БМТ қўмитаси мулоҳазаларининг 24-бандида Ўзбекистонда ҳукумат журналистларни зуғум остида ушлаб тургани таъкидланади. Қўмита Ўзбекистон ҳукуматидан ҳибсга олинган, жавобгарликка тортилган ёки қамалган журналистларнинг рўйхатини тақдим этишни сўраган.

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Шерзод Ғуломов кўпгина расмийлар сингари қўмитанинг бу борадаги мулоҳазаларини рад этди.

Унинг билдиришича, мамлакатда журналистлар ҳукумат томонидан назорат қилинмайди. Улар эркин ва озод фаолият юритади.
XS
SM
MD
LG