Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:07

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво Ўтган ҳафта марказий нашрларда Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга давлат ташрифи ҳамда 9 апрель – Амир Темур таваллуд топган кун муносабати билан бир қанча мақолалар эълон қилинди.

“Ҳуррият” газетасининг 6 апрель сонида Нодиржон Ғаффоровнинг “Шарҳ қандай тайёрланади?” сарлавҳали мақоласи босилди. Таҳлилий журналистиканинг ўзига хос хусусиятларига тўхталган муаллиф, жумладан, бундан ёзади: “Нега оммавий ахборот воситаларимизда шарҳ жанрига эътибор кучли эмас? Шўро замонида ҳам ўз ижодий анъанасини сақлай олган етук журналистлар Турсун Қоратоев, Насриддин Муҳаммадиев каби шарҳловчиларни вояга етказган телевидение ижодкорларида нега ижодий жўшқинлик етишмаяпти? Бир маҳаллар “Халқаро панорама”, “Оламда нима гап?”, “Театр ва замон”, “Эртага премьера” кўрсатувлари орқали муайян соҳа ривожи ва муаммоларини кўрсата олган муаллифлар, уларнинг шогирдлари, издошлари нима учун бугун жим? Ўзбек телетомошабини, газетхони, тингловчиси долзарб мавзулардаги кескин ва ўткир шарҳларни қачонгача кутади?”


“Адолат” газетасининг 8 апрель кунги сонида профессор Карим Норматовнинг “Демократик мезонлар ва матбуот” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллифнинг таъкидлашича, матбуот мустақил бўлмас экан, у қарам бўлиб қолиши шубҳасиз, демак унинг демократик қарашлари, мезонлари бузилиши табиий ҳолга айланади. Туманларда, баъзан вилоятларда ҳам зеҳни ўткир, ҳозиржавоб ҳақиқий журналистлар етарли эмас.

Маҳаллийчилик туман матбуоти олдидаги ғов эканини айтар экан, муаллиф бундай ёзади: “Юзингда кўзинг борми, дея ёзаверса, элдан ажралиб қолади. Чунки қаҳрамонлари билан ҳар куни учрашиб туради-да! Журналистнинг рўзғори ва ташвиши бор. Мақтаган ерида иши осон битади, танқид қилган жойида эса тескариси. Кечагина унга қўшқўллаб салом берган тўра танқидга учраса, унинг ишини орқага суради. Қисқаси, матбуотга холисона ёндашмаслик биринчи галда туман журналистларини қийнамоқда!”


“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 8 апрель сонида “Рўйхатнинг давоми” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Айрим замонавий ўзбек эстрадаси хонандаларига “устоз кўрмаган шогирдлар” дея баҳо берилган ушбу мақолада қуйидаги сўзлар бор: “Ўзи шоир, ўзи бастакор, ўзи ижрочи. Бу ҳам етмаганидек, тижорат билан шуғулланади. Компьютер техникаси имкониятлари калта-култа овозларини чўзиб, кучайтириб қулоғимизга қуймоқда. Клип фонида тўртта қирчанғи ликиллаб турса, мусиқа гиж-баданг бўлса бас – эшитувчи, албатта, топилади. Қўшиқ матни, қоришиқ талаффуз, ночор саҳна маданияти ҳеч кимни қизиқтирмайди. Хусусий радиолар омон бўлса, бу ҳам ҳолва. Эрта-индин кимдир: “Эшагим, ҳо эшагим, йўрғалашда бешагим”, деб куйлаб қолса, асло ажабланмайман”.
XS
SM
MD
LG