Линклар

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Хитой ҳукуматини Шинжонда мусулмон уйғурларнинг диний эркинлигини бўғаётганликда айблади

  • Ҳасанжон

Бош қароргоҳи АҚШда жойлашган “Хюман Райтс Уотч” ҳамда “Хитойда инсон ҳуқуқларини химоя қилиш” ташкилотлари ҳозир Хитой назоратида бўлган Шарқий Туркистон, яъни Шинжон Уйғур автоном вилоятида уйғурлар ҳуқуқлари, хусусан уларнинг диний эркинликларига оид қўшма ҳисобот чиқарди. “Қақшатқич зарбалар: Шинжон уйғурларини диний жиҳатдан қатағон қилиш” номли ҳисоботда билдирилишича, Хитой ҳукумати мустақил уйғур давлати учун курашаётган Шинжон уйғурлари ҳаракатларини тугатиш ҳамда Исломни бўғиш мақсадида уларга қарши мамлакатнинг терроризмга қарши қонунларидан фойдаланмоқда. Ҳисоботга кўра, уйғурларни бостириш чоралари систематик тарзда давлат сиёсати даражасида олиб борилмоқда.

Хитой раҳбарияти мамлакатдаги кам сонли халқларга, айниқса, Ислом динига эътиқод қилувчи уйғурларга қарши қатағон сиёсатини давом эттирмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи “Хюман Райтс Уотч” ташкилотининг Осиё бўлими бошлиғи Брэд Эдемснинг Озодлик радиосига айтишича, 114 саҳифадан иборат янги ҳисобот Хитой коммунистик партияси ва ҳукумат ҳужжатлари, маҳаллий қонунлар, давлатга қарашли газеталар маълумотлари, шунингдек, Шинжон аҳолиси билан ўтказилган суҳбатлар асосида ишлаб чиқилган.

Эдемсга кўра, ўтказилган тадқиқот Хитой қонунларининг аввал эътибордан четда қолган диний эркинликларни чекловчи бандлари борлигини кўрсатган:

“Биз ўтказган тахлиллар Хитой қонунлари ва ҳукумат кўрсатмалари мустақил уйғур давлатини барпо этиш ғояси тарафдорларини камайтириш учун уйғурларнинг миллий ўзлигини йўқ қилишга қаратилгани маълум бўлди. Бу ишларга мусулмонларга қаши ғоялари йўғрилган. Хитой ҳукуматида мусулмонларни улар мусулмон бўлгани учун таъқиб қилаётганлар бўлади. Бошқалар эса Шинжондаги мустақиллик ҳаракатининг асосий кучи Ислом динида, деган тушунча билан мусулмонларни бўғишга ҳаракат қилади”, – дейди “Хюман райтс уотч” ташкилоти вакили.

Германияда фаолият юритаётган “Шарқий Туркистон ахборот маркази” матбуот вакили Дилдош Рашид Озодлик радиосига инсон ҳуқуқлари ташкилотлари чиқарган ҳисоботдаги маълумотларни тўғри, деб билишини айтади:

“Хитой ҳукумати масжидларда фақат Хитой коммунистик партияси сиёсатини тарғиб қилган имомларни, “ватанпарварлар” деб атаб, уларга иқтисодий ва маънавий ёрдам беряпти. Улардан бошқа ҳамма, жумладан, Аллоҳ буюрган беш вақт намозни ўқиётган уйғурлар – мусулмонларни ғайриқонуний, радикал, террорист, деган ном билан бостиряпти. Шинжонда мусулмонларнинг хатто рамазон ойида рўза тутишига имконияти йўқ. Уйғурларнинг диний ҳуқуқлари чекланган”, – дейди “Шарқий Туркистон ахборот маркази” матбуот вакили Дилдош Рашид.

Сешанба куни Пекинда бўлиб ўтган матбуот конференциясида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Қин Ганг “Хюман Райтс Уотч” ҳамда “Хитойда инсон ҳуқуқларини химоя қилиш” ташкилотлари чиқарган ҳисоботга бундай муносабат билдирди:

“Мамлакат конституциясига мувофиқ Шинжондаги барча халқлар диний эркинлик ҳуқуқига эга. Шинжондаги барча халқлар бошқа ҳуқуқлар қатори эътиқод эркинлиги ҳуқуқига ҳам эга. Шарқий Туркистон ҳаракати халқаро террорчи гуруҳлар билан ҳамкорлик қилиб, ҳам Хитой ташқариси ҳам ичкарисида кўплаб террор ҳаракатларини содир этган. Бу нафақат Хитой, балки қўшни минтақалардаги тинчлик ва барқарорликка тахдид. Шарқий Туркистон ҳаракатини йўқ қилиш – глобал терроризмга қарши курашнинг муҳим қисмидир”, – дейди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Бироқ “Шарқий Туркистон информация маркази” матбуот вакили Дилдош Рашид Хитой ҳукумати расмийси иддаолари ҳақиқатдан йироқлигини, уйғур фаоллари ўз халқи мустақиллиги учун БМТ ҳужжатлари доирасида тинч йўл орқали кураш олиб бораётганини айтади:

“Уйғурлар ҳозиргача ўзининг мустақиллик орзусини йўқотмаган ва шу мақсад сари интиляпти. Бу йўлдаги барча ҳаракатлар БМТ низомлари ва бошқа халқаро келишувлар доирасида амалга оширилмоқда. Уйғур ташкилотлари уйғур халқи ўз тақдирини ўзи белгилаш йўлида тинч кураш олиб боряпти. Улар террорчи ташкилот эмас”, – дейди “Шарқий Туркистон ахборот маркази” матбуот вакили.

“Хюман Райтс Уотч” ташкилотига кўра, 11 сентябр воқеалари Хитой ҳукуматига Шинжондаги диндорлар ва мустақиллик тарафдори бўлганларни террорчиликда айблаб, уларни қатағон қилишда бахона бўлди. 2002 йилда Пекин расмийлари Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракатини БМТнинг “Террорчи гуруҳлар рўйхати”га киритишга муваффақ бўлди.

Жорий йил март ойида Пекин расмийлари БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссиясининг анъанавий йиллик йиғилиши арафасида Хитойдаги таниқли диссидентлардан бири шинжонлик уйғур фаоли Робия Қодирни қамоқдан озод қилди. Шунга қарамай, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотига кўра, Шинжонда инсон ҳуқуқлари ва эътиқод эркинлиги вазиятида жиддий ўзгариш кузатилмаган.
XS
SM
MD
LG