Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:18

Қозоқ депутатлари чегарадаги отишмалардан хавотирда


Баъзи оммавий ахборот воситалари бундан бир ойдан кўпроқ вақт муқаддам - 6 март куни Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида ўзбек аскарлари қозоқ фуқаросига ўқ узиб, ярадор қилгани тўғрисида маълумот тарқатмоқда.

Аммо Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (чегара қўшинлари унинг таркибига киради) вакиллари айнан 6 март куни бундай ҳодиса содир бўлгани қайд этилмаганини билдирди.

Қозоғистон давлат чегараларни қўриқлаш хизмати матбуот котиби Келдибўлат Бекназаров эса бу хабарларни тўла тасдиқлади.

“6 март куни ўзбекистонлик чегара ходимлари қозоғистонлик фуқарога Ўзбекистон ҳудудида ўқ узган ва жароҳатланган. Ҳозирги кунда, биздаги маълумотларга кўра, бу фуқаронинг аҳволи яхши, аммо у ногирон бўлиб қолган”, - деди К.Бекназаров.

Таъкидлаш керакки, жорий йил 14 январда қозоғистонлик чегарачилар томонидан ярадор қилинган Комил Қодиров ҳам ҳозир ногирон. Унинг бир оёғи тиззасидан кесиб ташланган. Шу куни К.Қодиров билан бирга бўлган Ўзбекистон фуқароси қозоқ чегарачиси томонидан отиб ўлдирилган эди.

Ўзбекистон МХХ матбуот котиби Олим Тўрақуловнинг айтишича, 2005 йил 14 январь воқеасидан сўнг икки давлат чегарасида яна икки марта ўқ узиш ҳолати қайд этилган. Бу ҳолатлар юзасидан тегишли текширув олиб борилган. Ўзбекистонлик чегарачилар ўқ узган ҳолатлар қонуний, деб топилган.

Шу кунларда икки давлат ўртасидаги чегарадан ўтиш тартиб-қоидаларини бузаётган аҳолига нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ва уларга ўқ узиш ҳоллари тобора кўпайиб бораётгани эътироф этилмоқда.

Қозоғистонлик депутатлар бу масалани мамлакат парламенти муҳокамасига қўйиб, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қосимжўмарт Тўқаевга мурожаатнома йўллади.

Қозоқ депутатлар фикрича, чегарадан ўтиш постларига ёндош ҳудудлардан ўтишга уриниш маъмурий қонунбузарлик бўлиб, бундай ҳолатларда ўқ узиш нотўғридир.
XS
SM
MD
LG