Линклар

Зокир Алматов журналистларни қатағон қилмоқчи эмас

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон журналистлари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳамда бир неча журналист 12 апрель куни Ўзбекистон ички ишлар вазири Зокир Алматовга очиқ хат орқали мурожжат қилди.

Улар вазирдан Ўзбекистонда журналистларга нисбатан қатағон тайёрланаётгани ҳақида Интернет сайтларида пайдо бўлаётган хабарларни инкор этиш ёки тасдиқлашни талаб қилди.

Бу хабарлар Интернетда Сафар Абдуллаев имзоси билан эълон қилинмоқда. Муаллифнинг таъкидлашича, давлат қатағонига учраши, яқин орада қамоққа ташланиши режалаштирилганлар рўйхатида Буюк Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Галима Бухорбоева, шу институт лойиҳа директори Қудрат Бобожонов, вилоят мухбирлари Зокиржон Иброҳимов, Тўлқин Қораев, “Би-Би-Си” радиоси ўзбек хизмати мухбири Матлуба Азаматова, Ўзбекистон журналистлари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Юсуф Расулов ҳамда яна бир неча журналистларнинг номи бор.

“Озодлик” мухбири ички ишлар вазири З.Алматовга мактуб йўллаган баъзи журналистлар билан суҳбатда бўлди.

Г.Бухорбоеванинг сўзларига қараганда, журналистларда бу хабарни жиддий қабул қилиш учун асослар етарли. Зеро, улар атрофдаги вазиятнинг тобора таранглашиб бораётганини ҳис қилмоқда. Чунки Қирғизистон воқеаларидан сўнг ҳукумат анча ҳушёр тортган. Бундай вазиятда ҳақ гапни ёзаётган журналистлар ҳукуматга учун катта муаммо туғдиради.

Эркин ёзадиган журналистлар сиқувга олиниши янада кучайиб бораётганини Қ.Бобожонов ҳам тасдиқлади.

“Биз матбуот анжуманлари ўтказмоқчи бўлганимизда, турли йўллар билан тўсиқлар қўйилганига кўпчилик гувоҳ”, - деди Қ.Бобожонов.

Ю.Расулов мактуб ёзилишидан мақсад Интернетда эълон қилинган хабар ҳақиқатми ёки бўҳтон эканини З.Алматовнинг ўзидан тасдиқлатиш эканини билдирди.

Ю.Расуловнинг таъкидлашича, агар мактубга жавоб бўлмаса, Ўзбекистонда журналистларга нисбатан қатағон режаси тузилгани ростлиги тўғрисида хулосага келиш мумкин.

Г.Бухорбоеванинг фикрича, агар қатағонга учрайдиган журналистлар рўйхати бошқа давлатда, масалан, Қозоғистонда тузилгани ёзилганда, бу мамлакатлар ички ишлар вазирлари телевизордан тушмай қолар эди. Улар бу хабар ғаламислик эканини тинимсиз такрорлайверарди. Лекин Ўзбекистонда ИИВ негадир жим.

Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати раҳбари Азиз Эрназаров “Озодлик” мухбири билан суҳбатда вазирликнинг мазкур хабарга муносабатини баён қилди.

Унинг айтишича, С.Абдуллаев имзоси билан тарқатилаётган хабарлар бўҳтондан бошқа нарса эмас. ИИВ бу хабарларда номлари тилга олинган журналистларга нисбатан ҳеч қандай режа тузиб қўйгани йўқ. Улар илгари қандай ишлаган бўлса, бундан кейин ҳам фаолиятини бемалол давом эттириши мумкин.
XS
SM
MD
LG