Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:41

Ўлим ҳукми бекор қилинган маҳбус бир ой муқаддам қатл этилди


Феруза 2005 йил 1 март куни Тошкент шаҳридаги қамоқхонада фуқаро Аҳрорхўжа Толибхўжаев махфий равишда қатл этилди. Бу ҳақда “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти хабар тарқатди.

Айни ташкилот раҳбари Тамара Чикунова эндигина 25 ёшни қаршилаётган бу йигит ноқонуний тарзда қатл этилган, деб ҳисобламоқда.

“Унинг иши икки марта қайта терговга юборилган эди. Ўзбекистон ҳарбий судида ишни апелляция тартибда кўриб чиқишда Толибхўжаевнинг кўп ҳуқуқлари, жумладан, ҳимояга бўлган ҳуқуқи паймол этилди. Бундан ташқари, Толибхўжаев рад этган икки адвокат прокурор томонидан сўроқ қилиниб, уларнинг кўрсатмалари судда инобатга олинди”, - деди Т.Чикунова.

Т.Чикунованинг таъкидлашича, ташкилотда А.Толибхўжаевнинг биринчи тергов суриштирувидаёқ қаттиқ калтаклангани, оғир қийноқларга солинганини тасдиқловчи ҳужжатлар бор. Шунинг учун у дастлаб ўзи қилмаган жиноятга иқрор бўлган, бироқ судда айбини инкор этган. Судланувчи қийноқларга солингани ҳақида ҳарбий шифокорлар хулосаларини эса суд инобатга олмаган.

“Ўз бошлиғининг икки фарзандини ўлдирганликда айбланиб, қатл этилган бу йигитнинг ягона айби ўлдирилган болалар билан кундалик мулоқотда бўлиб турганидир”, - деди Т.Чикунова.

Т.Чикунованинг айтишича, А.Толибхўжаев иши бўйича тергов ва ҳукм чиқаришда шубҳали шошмашошарлик мавжуд. Жиноят жойида йигитнинг бармоқ излари топилмаган бўлса-да, иш қайта кўриб чиқилмаган, қайта тергов ўтказилмаган. БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг А.Толибхўжаевга нисбатан ўлим ҳукмини ижро этиш ёки этмаслик тўғрисидаги қарори ҳам кутиб турилмаган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасидан мавзу юзасидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон ҳарбий суди вакили Ботир Иноятов бундай ишлар доимо Олий суд тасдиғидан ҳам ўтишини маълум қилди ва бошқа маълумот беришни истамади.

“Озодлик” мухбири қатл этилган А.Толибхўжаевнинг яқинлари билан боғланишга уриниб кўрди.

Аммо, маълум бўлишича, Андижоннинг кичиккина қишлоғида яшовчи бу оила шу кунларда яккаю ягона ўғлининг мотам маросимларини ўтказиш билан банд экан.

Шунингдек, марҳумнинг отаси Акбархўжа Толибхўжаев ўғлининг қатл қилинганидан жуда кеч хабар топгани, қолаверса, унга сўнгги бор фарзандини кўриш ҳуқуқи берилмагани сабаб чуқур тушкунликда экани маълум бўлди.

Энг даҳшатлиси, Т.Чикунованинг айтишича, ўзбекистонлик вакиллар БМТнинг яқинда инсон ҳуқуқлари бўйича бўлиб ўтган олий сессияда ўлим ҳукми бекор қилинган шахслар рўйхатини тақдим этган. Бу рўйхатда бир ой муқаддам қатл этилган А.Толибхўжаевнинг ҳам номи бор?!
XS
SM
MD
LG