Линклар

Маҳбус “ҳизбутлар” қайта судланмоқда


Зикрилло Ишонч Маълумотларга кўра, турли ноқонуний диний-сиёсий гуруҳларга аъзоликда айбланиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган маҳбуслар устидан оммавий қайта судлашлар давом этмоқда.

Яна шундай маҳкумларнинг яқинларидан Латофат Набиеванинг сўзларига қараганда, унинг икки ўғли ва эри Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) бўйича айбланиб, қамоққа ташланган. Қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган катта ўғли Фурқат Йўлдошев ўтган йил декабрь ойида қайта тергов қилиниб, иши судга оширилган.

“Яқинда ўғлимдан хат келди. 23 март куни унинг устидан қайта суд бўлиб ўтибди. Лекин бизга бу ҳақда хабар ҳам берилгани йўқ”, - деди Л.Набиева.

Маҳкумлардан бирининг хотини таъкидича, эри қамоқ жазосини ўташ жараёнида бир неча марта қайта суд қилинган. Илк судда унга 13 йил жазо муддати белгиланганди. Навоийдаги қамоқхонада бўлиб ўтган қайта судда бу муддатга уч йил қўшиб берилган. Кейинчалик эса гўёки суд қилинган бўлиб, жазо муддати яна беш йилга чўзилган.

Навоий вилоятидаги қамоқхоналардан бирида жазо муддатини ўтаб келаётган Жамшид Восиев ҳам қайта судланган.

Унинг онаси Озода Рафиқованинг билдиришича, “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадор, деб топилганлар, улар қамоқда бўлишига қарамай, ўтган йили юз берган портлашларга алоқадорликда айбланиб, қайта суд қилинмоқда.

“Ўғлим 1999 йилда 11 йилга қамалганди. 2004 йилда унинг устидан қайта иш очилиб, бу муддатга 12 йил қўшиб берилди. Бошқа биродарларнинг муддати ҳам узайтириляпти. Уларга варақа тарқатиш, давлатга қарши фаолият олиб бориш, қамоқхонада ичида тарғибот билан шуғулланиш, давлатга қарши адабиётлар ёзиш айблари қўйиляпти. Ҳозир Ўзбекистоннинг барча қамоқхоналарида қайта судлашлар давом этяпти”, - деди О.Рафиқова.

О.Рафиқованинг айтишича, қайта судлашлар Қирғизистон воқеаларидан сўнг янада авж олган. Бироқ судлар очиқ ўтиши айтилган бўлса-да, суд жараёнига адвокатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари киритилмаётир. Судланувчиларнинг гапиришига ҳам рухсат этилмаяпти.

Маҳбусларнинг яқинлари улар қамоқхона ичида ўзларига қўйилаётган айбларни қандай қилиб содир этиши мумкинлигидан таажжуб билдирмоқда.

Уларнинг фикрича, маҳбуслар жамиятдан бутунлай ажратиб қўйилган, кучли назоратда сақланаётган бир ҳолатда бундай ишларни бажариш имконияти умуман йўқ.

Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдукарим Шодиев диний-сиёсий оқимларга алоқадорликда айбланиб қамалган шахслар қайта суд қилинаётгани тўғрисидаги маълумотлар асоссиз эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG