Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:54

Фармон чиройли, баъзи кафолатлар эса йўқ


12 апрель куни Ўзбекистон Президентининг “Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Фармонда айтилишича, 2005 йилнинг 1 июлидан бошлаб тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этадиган иқтисодиёт тармоқлари корхоналари асосий фаолияти бўйича даромад солиғи, мулк солиғи, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва ҳудудларни ободонлаштириш солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун белгиланган ягона солиқ тўлашдан, шунингдек, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинади.

Агар бу турдаги сармоялар ҳажми 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион долларгача бўлса, 3 йил муддатга, 10 миллион долларгача –5 йил муддатга, 10 миллиондан кўп бўлса, 7 йил муддатга юқорида санаб ўтилган солиқларни тўламайди.

Бу имтиёзларга эга бўлиш учун маълум шартларни бажариш лозим. Яъни инвестиция корхоналари ортиқча ишчи кучи бўлган минтақалар – Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятларида, шунингдек, Навоий, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг қишлоқ аҳоли пунктларида жойлаштирилиши лозим.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, мустақилликдан сўнг Ўзбекистонга кўплаб хорижий сармоядорлар кириб келди.Уларнинг бир қисми ҳозир ҳам ишлаяпти, айримлари эса мамлакатни тарк этган.

Хуш, бу борада янги фармонга қандай эҳтиёж бор эди? Нима учун Ўзбекистон инвестиция киритиш номақбул давлат сифатида қаралмоқда?

“Пахтабанк” акциядорлик тижорат банки методология бўлими бошлиғи Иброҳим Ҳакимовнинг фикрича, ҳар қандай ривожланаётган давлатнинг четдан сармоя киришига эҳтиёжи мавжуд. Чунки мамлакат иқтисодини тиклашга ички имкониятлари етмайди. Бир қанча муддат илгари Ўзбекистонда бир қанча чекловлар мавжуд эди. Масалан, валюта борасидаги чекловлар, солиқлар. Шунинг учун сармоядорлар мамлакатга кўп ҳам интилмаган. Янги фармон эса бу йўлдаги катта ижобий қадамдир.

Иқтисодчи Тошпўлат Йўлдошев Президент фармонини ижобий ҳодиса сифатида баҳолади.

Унинг айтишича, айни пайтда Қозоғистонда 30 миллиард доллар миқдоридаги инвестиция ишламоқда. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич нари борса 15 миллиард доллар бўлиши мумкин. Қўшимча имтиёзлар эса сармоя кириши тезлашиши, албатта, тезлаштиради.

“Аммо фармонда инвестиция бир қанча кафолатлар йўқ. Яъни бу ҳужжат пухта ишланмаган. Масалан, солиқ тўламаса, сармоядор солиқ идораларига ҳисобот топшириши керакми-йўқми, бу ноаниқ бўлиб қолган. Бизда ҳаддан ташқари катта бўлган божхона тўловлари, порахўрлик ва коррупциядан ҳимояланиш тўғрисида ҳам ҳеч гап йўқ. Агар Ўзбекистонда ҳозирги йўналишда иш олиб борилса, барибир сармоя келмайди. Чунки бизда маъмурий буйруқбозлик, бизнесга аралашув жуда кучли”, - деди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG