Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:04

Бухорода Россия телеканалларини ретрансляция қилиш тўхтатилди


Басира Бухоро шаҳридаги маҳаллий “Коинот” ва “Истиқлол” нодавлат телестудиялари Россиянинг “НТВ”, “СТС”, “РенТВ”, “Россия” телеканалларини олиб кўрсатишни тўхтатди.

Нодавлат телестудияларидан бирининг ходими сўзларига қараганда, тегишли шартномасиз ишлаш мумкин эмаслиги баҳона қилиниб, Россия телеканалларини олиб кўрсатиш тақиқланган.

Бухоро вилояти алоқа инспекцияси вакили Бешим Ражабов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Россия телеканалларини олиб кўрсатиш тўхтатилганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, бунинг сабабларини изоҳлай олмайди. Чунки бу ҳақдаги кўрсатма юқори идоралар томонидан жўнатилган.

Айни кунларда Россиянинг фақат “1-канал”и Бухоро давлат телерадиокомпанияси томонидан ретрансляция қилинмоқда.

Бухороликлар Россия телеканаллари ретрансляцияси тўхтатилганини салбий кутиб қолди.

Уларнинг фикрича, Ўзбекистон телеканалларида бирорта тайинли кўрсатув бўлмаган бир пайтда бундай йўл тутилиши тушунарсиздир.

Журналист Обид Шабонов Россия телеканаллари ретрансляцияси тўхтатилиши аҳолининг ахборот олиш имкониятини чеклаш мақсадида амалга оширилган, дея фикр билдирди.

Айни пайтда Россия телеканаллари ретрансляцияси тўхтатилган телестудиялар ўзбек тилидаги қўшиқлар ва кинофильмлардан иборат дастурларни эфирга узатмоқда.
XS
SM
MD
LG