Линклар

Сирдарёда тошқин хавфи сақланиб турибди


Лобар Қиш ва баҳорнинг серёғин келиши жорий йилда Сирдарё дарёсида тошқин хавфини янада кучайтирди. Бу ҳолат Сирдарё вилоятидаги тегишли идораларни ҳам анча ташвишлантирмоқда.

Дарё вилоятнинг Сирдарё, Сайхунобод ва Гулистон туманлари ҳудудидан оқиб ўтади.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Шуҳрат Дадахоновнинг сўзларига қараганда, Сирдарёда тошқин хавфининг олдини олиш чораларини кўришга февраль ойидан киришилган. Айни пайтда дарё қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари давом этмоқда. Хавфли ҳудудларда яшовчилар эса бехавотир жойларга кўчирилган.

“Тошқин хавфи июль ойигача сақланиб туради”, - деди Ш.Дадахонов.

Сирдарё вилояти ер ва ер ресурсларини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Абдурашид Қудратовнинг таъкидлашича, дарё суви кўпаядиган пайтда уни бошқа йўналишга, масалан, сувсиз ерларга ёки Орол денгизига буриб юбориш ҳақида мутахассислар негадир бош қотирмаётир. Тошқинга қарши чоралар эса фақат аҳолини муҳофаза қилиш билан чекланмоқда.

Баъзи фуқаролар дарё қирғоқларини мустаҳкамлаш чоралари тошқинни бартараф этиш учун етарли эмаслигини айтмоқда.

Гулистон ва Сирдарё туманларида яшовчи фуқаролар кўчириш тўғрисида гап-сўз бўлгани, лекин ҳали ҳеч ким кўчирилмаганини таъкидлаётир. Баъзилар эса хавф мавжуд бўлса-да, кўчишни хаёлига ҳам келтиргани йўқ.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, 2003 йилда дарё тошиб, экинзорларнинг катта қисмини ювиб кетган. Лекин ўшанда ҳам кўчирилиш ҳақида ҳеч қандай гап бўлмаган.

Маълум бўлишича, 2003 йилги тошқин вақтида 5 минг гектардан зиёд экин майдонини сув босган.

Мутахассисларнинг фикрича, дарёда тошқин бўлиш эҳтимоли об-ҳавога боғлиқ. Агар ҳарорат бирдан исиб кетса, тоғлардаги қорларнинг тез эриши натижасида сув тошқини рўй бериши мумкин.
XS
SM
MD
LG