Линклар

Марказий Осиёда ов туризми

  • Ҳасанжон

Марказий Осиёда дунёнинг бошқа жойларида учрамайдиган ҳайвон ва қушлар яшайди. Айрим ҳайвонлари бутунлай йўқ бўлиб кетиш тахдидига учрагани сабабли Бухоро жайрони ва яна бир неча бошқа ёввойи ҳайвонларни овлаш таъқиқланган. Лекин кўплаб чет элликлар фақат Марказий Осиёда учрайдиган қўй тури - архарни овлаш учун минтақага сафар қилмоқда. Қонун бўйича архарни чекланган сонда овлашга рухсат берилган.

Чет эллик ов ишқибозлари Марказий Осиёдаги имкониятлар ҳақида Интернет сайтлари орқали маълумот топиб, у ерда катта танлов борлигини кўриши мумкин.

Масалан, Бишкекдаги сайёҳлик компаниясининг инглиз тилидаги Интернет сайтида чет элликлар учун катта пул эвазига ов экскурсиялари уюштириш таклиф этилади. Ана шундай компаниялардан бири бош директори Артём Нюхаловнинг Озодлик радиосига айтишича, чет эллик овчиларни фақат Марказий Осиёда учрайдиган ёввойи ҳайвонлар қизиқтиради.

Ёввойи ҳайвонлар савдосини назорат қилиш билан шуғулланувчи Лондондаги “TRAFFIC” халқаро ташкилоти ҳисоботига кўра, 2002 йилда Қозоғистонга 2 мингдан ортиқ, Қирғизистонга эса 100дан ортиқ чет эллик овчи саёҳат қилган. Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонга борган чет эллик овчилар сони 100га етмайди.

Улардан баъзиларига архар ёки Ўрта Осиё тоғ эчкисини овлашга рухсат берилган. Бу турдаги ҳайвонни овлаш чеклангани боис отиб ўлдирилган ҳар бир ҳайвон учун овчилар мезбон давлатга катта пул тўлайди.

Артём Нюхаловнинг Озодлик радиосига айтишича, Қирғизистонда йил давомида қанча ҳайвон овлаш мумкинлиги давлат томонидан белгиланади:

”Қирғизистон ҳукумати бир йилда 60та архар овлашга рухсат беради. Лицензиялар турли ширкатлар ўртасида тақсимланади. Кейин улар лицензияларни мижозларга сотади“.

Чет эллик овчилар саёҳатини ташкил этиш ширкатлар ва давлатга катта иқтисодий фойда келтиради. Масалан, “Fantastic Asia” саёҳат бюросининг 12 кунлик ов экскурсияси учун чет эллик овчилар 17 минг АҚШ доллари тўлайди. Бу пулнинг етти ярим минг доллари архар овлаш лицензияси учун тўғри давлат хазинасига тушади. Ҳукумат эса ўша маблағни ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш ва қўриқхоналарни зарурий анжомлар билан таъминлаш ва атроф-муҳит билан боғлик бошқа лойиҳалар учун сарфлаши керак. Лекин аслида минтақа давлатлари бу ишларга қанча маблағ сарфлаётгани тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ. Нюхалов Қирғизистон ҳукумати бу борада жуда кам иш қилаётганини айтади:

”Бу нотўғри. Чунки пул ҳукумат ҳисобига ўтганидан кейин на ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилишга ва на йўллар қуриш лойиҳаларига маблағ ажратилади. Бундай ишларни фақат саёҳатни уюштираётган ширкатлар қилади“.

Ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш бўйича германиялик мутахассис Дорис Хофер фикрича, агар овдан тушган пул ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш, уларнинг табиий кўпайишига имконият яратиш ва шу каби бошқа ишларга сарфланса, ҳайвонот дунёси учун фойдали бўларди.

Хоферга кўра, ов муҳим иқтисодий даромад манъбаи ҳам бўлиши мумкин:

”Менимча, ов - ёввойи ҳайвонлар учун тахдид эмас. Чет эллик овчилар бошқа минтақада яшайдиган ёввойи ҳайвонларни овлашга қизиқади. Овга тўланадиган пул ёввойи ҳайвонлар муҳофазаси учун сарфланса, мақсадга мувофиқ бўлади. Баъзи минтақаларда пул тўлаб, ов қиладиган чет эллик овчилардан кўра, маҳаллий халқ ёввойи ҳайвонот дунёсига кўпроқ зарар келтиради“, - дейди германиялик мутахассис.

“TRAFFIC” халқаро ташкилоти вакили Стефани Тейл фикрича, Покистондаги Тўрғор қўриқхонаси тажрибаси Марказий Осиё республикалари учун намуна бўлиши мумкин. 1985 йилда бир гуруҳ кўнгиллилар Покистоннинг Балучистон вилоятида сони жуда озайиб кетган мархор эчкилари ва маҳаллий ёввойи қўйларнинг ноқонуний овланишига қарши кураш кампанияси бошлади. Ўн йилдан кейин бу лойиҳани бошқарадиган нодавлат ташкилоти тузилди:

”Маҳаллий одамлар овни назорат қилиш лойиҳасига жалб этила бошланди. Улар ёввойи ҳайвонлар яшайдиган минтақаларни назорат остига олишди. Бу одамларга рухсат этилган овдан тушган пул ҳисобидан ҳақ тўланди. Ана шу лойиҳа ёрдамида камайиб кетган ёввойи ҳайвонлар сони сезиларли кўпайди. Маҳаллий халқ бундан манфаат кўраётгани учун ноқонуний ов, яъни, браконьерлик камайди“, - дейди британиялик мутахассис Стефани Тейл.

Лойиҳанинг биринчи ўн йили давомида 14та мархор эчкиси ва 20та маҳаллий ёввойи қўйни овлашга рухсат берилди. 34 бош ёввойи ҳайвон учун чет эллик ов ишқибозлари ўз киссаларидан тўлаган пул жами 460 минг АҚШ долларини ташкил этди. 10 йил олдин атиги 100 бошни ташкил этган ушбу икки ёввойи ҳайвон тури ҳозирга келиб улар сони 1 минг 800 бошни ташкил этмоқда. Бунга овдан тушган маблағни уларни кўпайтиришга сарфлаш орқали эришилди.
XS
SM
MD
LG