Линклар

Кўчимов эгарни тўқимга алмаштирди

  • Барно Анвар

13 апрель куни тушдан кейин Ўзбекистон телерадиокомпаниясида катта ўзгаришлар юз бергани маълум бўлди. Телерадиокомпания раиси Абусаид Кўчимов ишдан олиниб, ўрнига Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаб келган Алишер Хўжаев тайинланди.

Маълумотларга кўра, А.Кўчимов телерадиокомпания раиси ўринбосари – Ўзбекистон радиоси раҳбари лавозимига ўтказилган.

А.Кўчимов 1997 йилдан буён Ўзбекистон телерадиокомпаниясини бошқариб келаётган эди. У телевидение ва радио орқали тарқатилаётган ахборотларни кучли назорат қилиб келган раҳбар сифатида тилга олинади.

“Кўчимов даврида кўрсатувни эфирга беришдан олдинги текшириш жуда кучли эди. Бирорта ортиқча сўз айтишга рухсат берилмасди. Фақат журналист Эльмира Ҳасановагина бундай кучли назоратга қарши очиқ норозилик билдиришга журъат этганди. Шундан кейин у ҳам ишдан бўшатиб юборилди”, - деди телевидение ходимларидан бири “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Таъкидлаш керакки, телерадиокомпания ходимларининг аксарияти раҳбарият таркибидаги ўзгаришдан таажжубга тушди. Чунки бу улар учун кутилмаган хабар бўлди.

А.Кўчимов телерадиокомпания раислигини эгаллашдан илгари Президент девонида ишларди. Ундан аввалроқ эса ҳозир тайинланган лавозими -Ўзбекистон радиоси раҳбари вазифасида ишлаган.

Журналист Шароф Убайдуллаевнинг таъкидлашича, А.Кўчимовнинг бутунлай ишдан четлатилмай, телерадиокомпания тизими раҳбарияти таркибига қолдирилгани катта маънога эга. Чунки Ўзбекистонда ҳозир баъзи раҳбарларга бошқа иш берилмай, вазифасидан четлатилиши кузатиляпти.

Журналист Алимардон Аннаевнинг фикрича, телерадиокомпанияда раҳбарларнинг кутилмаганда алмаштирилиши ҳукумат тепасидаги кланларнинг ўзаро можаролари авж олганидан дарак беради.

Дарҳақиқат, телерадиокомпаниянинг янги раҳбари Алишер Хўжаев ўзбек журналистикаси учун нотаниш киши.

А.Аннаев бу шахснинг энг кенг аудиторияга эга ахборот манбасига раҳбар этиб тайинланиши телерадиокомпанияда цензурани янада кучайтиришга қаратилганини таъкидлади.

Шу ўринда Ўзбекистон теле ва радиожурналистикасининг мутлақо нотаниш бўлган янги соҳиби А.Хўжаев шахсига оид айрим маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

А.Хўжаев Тошкент вилоятида туғилган, миллати ўзбек. Мутахассислиги физик, физика-математика фанлари номзоди. У 1985 йилдан 2001 йилга қадар соҳасига оид бир қанча илмий текшириш институтларида ишлаб келган.

2001 йилдан 2002 йилга қадар Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари вазифасида ишлаган. 2002 йилда Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги директори ўринбосари лавозимига тайинланган.
XS
SM
MD
LG