Линклар

Ўтган йилги портлашларга “алоқадор”ларни қамаш давом этмоқда


Тўлқин 12 апрель куни Тошкент шаҳри жиноят ишлари судида 2004 йилдаги Тошкент ва Бухородаги портлашларга алоқадорликда айбланган ака-ука Тўлқин ва Эркин Бойбоев устидан ҳукм ўқилди.

Тўлқин 1974 йилда, Эркин эса 1977 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Суд жараёнида уларга Жиноят кодексининг конституциявий тузумга тажовуз, тақиқланган диний экстремистик гуруҳларга аъзолик, қотиллик каби 7 моддаси бўйича айблов қўйилди.

Суд Т.Бойбоевни 16 йилга, укасини эса 18 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Ўтган йилги портлашларга алоқадорликда айбланган бу шахслар устидан суд жуда кеч ўтказилганининг ўзига хос сабаблари бор.

Гап шундаки, портлашлардан бир ҳафта муқаддам – 2004 йил 21 март куни ака-ука Тошкентдаги “Мусаввир” фирмаси билан тузилган шартнома асосида қонуний тарзда Россиянинг Уфа шаҳрига 40 нафар қурувчи ва уста билан биргаликда масжид қуришга жўнаб кетган. Эркин ва Тўлқин ганч ўймакорлиги билан шуғулланган.

Ака-ука устидан суд жараёни ёпиқ тарзда ўтгани боис унга журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг иштирок этишига рухсат берилмади.

Маълум бўлишича, суд аслида 10 март куни бошланган. Лекин бундан айбланувчиларнинг оила аъзолари ҳам бехабар қолган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовнинг сўзларига қараганда, ака-укалар устидан суд дастлабки етти кун давомида адвокатлар иштирокисиз ўтказилган.

Маҳкумларнинг опаси Хурсаной Бойбоеванинг таъкидлашича, Уфада ишлаб юрган Тўлқин ва Эркин ўтган йил августда Россияда қўлга олинган. Октябрь ойида эса Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Жорий йил март ойигача Миллий хавфсизлик хизмати ва Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармасида тергов қилинган.

Х.Бойбоеванинг айтишича, оила аъзолари ака-уканинг суд қилинаётганидан 17 март куни хабар топган. Яқинлари ҳам иштирок этган суд мажлисларининг бирида икки гувоҳ сўроқ қилинган. Бир ҳафтадан кейин яна икки гувоҳ сўроқ қилиниб, прокурор ва адвокатнинг сўзи тингланган. Бироқ судланувчилар ўз айбини тан олмаган.

Судланувчиларнинг оила аъзолари ва адвокатлари суд ҳукми юзасидан юқори инстанцияларга шикоят аризаси билан мурожаат этилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG