Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:41

Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилиниши эҳтимоли жуда кам


Феруза Яқинда Ўзбекистонга ташриф буюрган Европа Иттифоқи комиссиясининг ташқи сиёсий алоқалар бўйича бош директори ўринбосари Майкл Ли мамлакат ҳукуматини ўлим жазосини бекор қилишга чақирди.

Майкл Ли ўзбекистонлик юксак мартабали амалдорлар билан учрашувлари чоғида мамлакатда бу масалада аниқ тўхтамга келмасдан туриб ҳукмни қўлламай туришга даъват этди.

Ўзбекистон нодавлат ва жамоатчилик ташкилотларининг кўпчилиги ҳам шу йўналишда бир неча йиллардан буён иш олиб боради. Бироқ ҳозирча ҳукумат бу чақириқларга қулоқ тутаётгани йўқ.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Илҳом Зокировнинг сўзларига қараганда, ЕИ вакилининг даъватлари мамлакат ҳукуматини бефарқ қолдиргани йўқ. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ўлим жазоси ўрнига жазонинг бошқа турларини қўллаш механизмни қўллаш бўйича ишлар олиб бормоқда.

“Давлатимиз бошлиғининг шахсан ўзи жазонинг бу тури бекор қилинишини жуда истайди. Лекин бунинг учун бироз вақт керак”, - деди И.Зокиров.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг таъкидлашича, илгари Жиноят кодексининг 13 модда бўйича ўлим жазоси қўлланилган бўлса, айни пайтда икки модда – қасддан одам ўлдириш ва терроризм бўйича бу жазо сақланиб қолинган.

“Ўлим жазоси, асосан, сиёсий тизимни сақлаб қолиш, халқни қўрқитиш воситаси сифатида сақлаб турилибди”, - деди Т.Ёқубов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг фикрича, ўлим жазосининг энг ташвишли жиҳати бу жазонинг кўп ҳолда сохталаштирилган жиноятлар бўйича қўлланишидир.

Унинг айтишича, ўлим жазосига ҳукм қилинганларга айблар кўпинча қийноқлар остида қўйилмоқда. Қолаверса, жуда кўплаб жиноят ишлари сохталаштириляпти.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари мамлакатда ўлим жазоси яқин орада бутунлай бекор қилинмаслигидан хавотир билдиряпти. Чунки, уларнинг эътирофича, Ўзбекистонда демократияни эмас, тоталитар тузумни янада мустаҳкамлаш сари янги-янги қадамлар қўйиляпти.
XS
SM
MD
LG