Линклар

Ерсиз қолган фермерлар норозилик акцияси ўтказмоқчи


Фарғона вилояти Ёзёвон тумани ҳокимлиги даъвоси асосида ерлари суд қарори билан олиб қўйилган олти фермернинг шикоят аризасини вилоят хўжалик суди аппеляция тартибида кўриб чиқди.

Дастлабки суд жараёнида уч йил давомида пахта топшириш режасини бажармагани учун суд бу фермерларнинг ерларини олиб қўйиш ҳақида ҳукм чиқарган эди.

Фермер Носир Омоновнинг сўзларига қараганда, 2002 йилда пахтага қурт тушиб, режани бажара олмаган эди. Ўшанда туман ҳокимлиги бу ҳолатни тасдиқловчи хулоса ҳам берган эди. Лекин эндиликда ҳокимлик ўз хулосасини тан олмаётир.

Турдиали Отажонов номидаги фермер хўжалиги раҳбари ҳам ери чўл зонасида жойлашгани, пахтани икки марта қайта эккани учун 2003 йилда режани бажара олмаганини айтди. Бу ҳақда далолатномалар ҳам бор.

Фермер Алишер Тешабоев эса ер шароити ҳисобга олинмай, ортиқча режа қўйилгани сабабли кўзланган ҳосил олинмаганини таъкидлади.

Аппеляция тартибида ўтган судда фермерлар режанинг бажарилмай қолиши сабабларини ҳужжатлар асосида тушунтиришга ҳаракат қилди.

Судда Ёзёвон тумани ҳокимлиги вакили сифатида иштирок этган Тўйчибой Камолиддинов эса фермерларнинг ҳокимликка даъволарини рад этди.

Унинг айтишича, пахтадан неча центнер ҳосил олиш кераклигини, деҳқонларнинг иш режаларини Вазирлик Маҳкамаси белгилайди.

Томонларнинг иддаоларини тинглаган суд ҳайъати фермерларнинг ерларини олиб қўйиш ҳақидаги аввалги ҳукмни ўз кучида қолдирди.

Суд жараёни ниҳоясига етгандан кейин чиқарилган ажримдан норози бўлган фермерлар қўлларида плакат кўтариб, суд биноси олдида пикет ўтказишга ҳаракат қилди. Бироқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари бу акция ўтказилишига йўл қўймади.

Фермерлар келгуси ҳафтада вилоят ҳокимлиги олдида норозилик чиқиши ўтказишини билдирди.
XS
SM
MD
LG