Линклар

logo-print

Ерни ҳимоя қилган олимнинг ўзи ҳимояга муҳтож

  • Садриддин Ашур

Агрокимё фанлари доктори, профессор Аҳмад ҳожи Хоразмий Ўзбекистондаги деҳқончилик қилинадиган ерлар хароб бўлаётгани ҳақида тинимсиз бонг ураётган саноқли олимлардан бири.

А.Хоразмий мамлакатдаги агрокимё ва тупроқшунослик бўйича пенсия ёшига етмаган ягона фан докторидир. У Фанлар академияси ва ал-Хоразмий номидаги нуфузли мукофотлар соҳиби. Бир қанча ўқув қўлланмалари, илмий-бадиий китоблар муаллифи. Қишлоқ хўжалик соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилган. Олим Мозамбекда пахта технологиясини ўргатишда ҳам иштирок этган.

Яқинда А.Хоразмий БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Луиз Арбур хоним номига мактуб йўллади. Бу мактубида ўзини ва оиласини Ўзбекистон расмийлари ўтказаётган тазйиқлардан ҳимоя қилишни сўраган.

Олим “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўзини бу мактубни ёзишга мажбур этган сабаблар ҳақида сўзлаб берди.

А.Хоразмийнинг сўзларига қараганда, 1999 йилда унинг “Вакил” номли илмий-сатирик китоби нашр этилган. Бу китобда қишлоқ хўжалигидаги нохуш вазият илмий таҳлил асосида кўрсатиб берилган. Унда агар соҳада шу йўналишда иш давом этаверса, келажакда жуда катта муаммолар юзага келиши баён қилинган.

“Шундан кейин, - дейди профессор, - вилоят ҳокими мени қаттиқ сиқувга олди. Вилоят ҳокимлигининг қишлоқ хўжалик бошқармасида эгаллаб турган вазифамдан озод қилиндим”.

А.Хоразмий бу ҳақда бир неча бор Президентга мурожаат қилгани, лекин аризалари инобатсиз қолганини билдирди.

Олим Хоразмда иш топа олмагач, 2002 йилда Тошкентга келди ва Тошкент давлат аграр университетида ишлай бошлади. Лекин ҳали пенсия ёшига етмаган бўлса-да, сиёсий сабаблар билан ишдан бўшатилди.

А.Хоразмийнинг айтишича, бунинг учун уни ҳеч қандай сабабларсиз аттестациядан ўтказишган. Бироқ аттестация комиссиясида агрономия бўйича бирорта мутахассис бўлмаган.

Олимнинг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистон ерлари гиёҳвандга айланган. Агар ўғит меъёрдагидан кўп ишлатилмаса, ер ҳам ҳосил бермайдиган ҳолатга келиб қолган. Бу эса келажакда экин майдонларисиз қолишга олиб келади. У бу ҳақда очиқча айта бошлагани учун ҳукуматга ёқмай қолган.

Профессор бу ишларни фақат ернинг унумдорлигини сақлаб олиш учун қилгани, лекин юқори идораларга ёқмай, ўзи мухолифатчига айланиб қолганини таъкидлади.

Профессорнинг қўшимча қилишича, ҳуқуқларини талаб этиб, пикетларга чиқа бошлагач, ўзини ва оиласини таъқиб қилиш бошланди.

Профессорни аттестациядан ўтказган комиссия масъул котиби Барно Ражабовнинг билдиришича, олимни аттестациядан ўтказиш комиссияси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тузилган. Аттестация эса адолатли ўтказилган.

Б.Ражабов комиссия таркибида нега агрономия соҳаси мутахассислари бўлмаганини изоҳлаб бера олмади.
XS
SM
MD
LG