Линклар

Хива ёдгорликлари хавф остида


Хива шаҳридаги тарихий обидаларни сақлаш ва фойдаланишга етарлича эътибор қаратилмаётгани ўзбек халқининг бебаҳо ёдгорликлари тақдиридан хавотир уйғотмоқда.

25 асрлик тарихга эга Хива ўрта аср ёдгорликлари бутунлай сақланиб қолган Марказий Осиёдаги ягона шаҳардир. Ҳозир бу ерда юздан зиёд тарихий ёдгорлик мавжуд. У “очиқ осмон остидаги музей шаҳар” дея эътироф этилади.

Шаҳардаги Ичонқалъа 1967 йилда музей-қўриқхона мақомини олганди. У 1990 йилда Марказий Осиёда биринчи бўлиб Юнеско муҳофазасига олинган.

Хивашунос олим Абдулла Абдурасулов ёдгорликларнинг ҳозирги аҳволидан ташвиш билдирмоқда. Унинг айтишича, ёдгорликларни сақлаш ва фойдаланиш талаб даражасида эмас. Ичанқалъа ва шаҳар атрофидаги айрим тарихий обидалар ҳозирги кунда жуда таъмирталаб бўлиб қолган.

Маълумотларга кўра, Хива минораларининг тарихи 14-асрга бориб тақалади. Хивада 20 дан ортиқ минора бўлиб, ўрта аср меъморлигининг ўзига хос ютуқларидир. Ўтган асрнинг 80-йилларидан айрим минораларда оғиш кузатила бошлади.

Маъмун академияси ходимаси Гавҳар Дурдиеванинг таъкидлашича, Саидниёз шоликорбой минораси айни пайтдаги ҳолатида 5-6 балли зилзилага чидамаслиги мумкин. 1996 йилда бу миноранинг вертикалдан жануби-ғарбий томонга оғиши 96 сантиметр эди. Бугунги кунгача бу оғиш яна бир неча сантиметрга кўпайган.

Ёдгорликлар яқинидан ўтган йўлдаги автомобиль қатнови уларнинг чўкиши ва деворларида ёриқлар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Масалан, Исломхўжа минорасида қатнов натижасида 1 сантиметрга яқин ёриқ пайдо бўлган.

Шунингдек, А.Абдурасуловнинг билдиришича, айни пайтда Хивадаги ўттизта тарихий ёдгорлик термитлардан зарар кўрган.

Ичанқалъа давлат музей-қўриқхонаси директори ўринбосари Рустам Искандаровнинг сўзларига қараганда, тарихий ёдгорликларни таъмирлаш ишларига ҳукумат томонидан маблағ ажратилиб турилибди. Қолаверса, сайёҳликдан тушган маблағнинг бир қисми ҳам шу йўналишда сарфланади.

Мутасаддиларнинг эътирофича, обидаларни сақлаш бўйича қилинаётган ишлар етарли эмас. Чунки маблағ етишмайди. Бунинг натижасида кўпгина меъморий ёдгорликлардан фойдаланилмаётир. Улар ташландиқ ҳолда қолиб кетмоқда.

Хоразм вилояти маданий-тарихий ёдгорликларни сақлаш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси бошлиғи Раҳимберган Бобожоновнинг билдиришича, зах сув кўтарилиши оқибатида ҳам обидалар емирилиб бормоқда. Хива ҳудудидаги кўплаб дренажлар ишламаслиги зах кўтарилишига олиб келяпти.

Р.Бобожонов Дишанқалъа деворининг 60 метрида таъмирлаш ишлари олиб борилганини таъкидлади. Юнеско ажратган маблағ фақат шунгагина етган.

Қалъа деворининг умумий узунлиги 5600 метрдан зиёд бўлиб, унинг катта қисми нураб боряпти.

Жорий йил кузида Юнеско қарори билан Хоразмдаги Маъмун академиянинг минг йиллиги тантана қилинади. Мутасаддилар юбилей баҳонасида Хива ёдгорликларини таъмирлашга хорижий ташкилотлар томонидан маблағ ажратилишидан умидвор.
XS
SM
MD
LG