Линклар

Дарахтларни кесиб ташлаш ободонлаштиришми?


Феруза Тошкент шаҳрида маҳаллий ҳокимият, уй-жой мулкдорлари ширкатлари вакиллари ва милиция ходимлари иштирокида кўп қаватли уйлар олдидаги боқчалар, яшил деворлар ва тўсиқларни бузиб ташлаш ишлари давом этмоқда.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати вакили Хуршид Шуҳратовнинг сўзларига қараганда, бу ишлар қонунчиликка тўла риоя қилинган ҳолда ободонлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Ўзини Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси матбуот котибининг ёрдамчиси Феруза дея таништирган аёл эса кўп қаватли уйлар олдидаги тўсиқларни олиб ташлаш ишлари аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётганини билдирди.

Таъкидлаш керакки, ҳар доимгидек кампаниябозликка айлантирилган бу ишлар аҳоли томонидан салбий кутиб олинмоқда. Масалан, 13 апрель куни Қўйлиқ даҳасида яшовчи Ирина Алексеева уйи олдидаги боқчасининг бузиб ташланишига норозилик сифатида ўзига ўт қўйди.

Айни пайтда аёл шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилган. Шифокорлар “Озодлик” мухбирига беморни кўриш ва у ҳақда маълумот бериш тақиқланганини айтди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Искандар Худойбергановнинг фикрича, кўп қаватли уйлар олдидаги боқчаларни, яшил деворларни ободонлаштириш баҳонасида бузиб ташлаш жуда кулгиликдир. Аслида бу ишлардан мақсад ободонлаштириш ёки хавфсизлик эмас, инсоннинг шахсий ҳаётига йўл бермасликдир.
XS
SM
MD
LG