Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:27

Тожибоева вазир ўринбосари билан учрашувга етиб бора олмади. Нега?


Шайбон 15 апрель куни Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари Алишер Шарафуддинов бир гуруҳ журналистлар билан махсус учрашув ўтказиб, улар устидан ҳеч қандай қатағон тайёрланилмаётганини маълум қилди.

Интернетда Сафар Абдуллаев имзоси билан эълон қилинаётган мақолаларда мамлакатда навбатдаги қатағонлар тайёрланаётганини таъкидланиб, бу жараёнда жазога тортиладиган орасида бир неча журналистлар борлигини ҳам билдирилган.

А.Шарафуддинов билан учрашувга таклиф этилган журналистларнинг исми-шарифи ушбу мақолада келтирилган рўйхатда мавжуд эди.

А.Шарафуддинов учрашув чоғида журналистларга нисбатан ҳеч қандай қатағон тайёрланмагани, С.Абдуллаевнинг мақолаларида тилга олинган меъёрий ҳужжатлар, рақамлар ва кўрсатмалар эса фақат сафсата эканини маълум қилди.

“Мен тўлиқ ишонч билан маълум қиламанки, Ички ишлар вазирлигида бундай буйруқ ва меёрий ҳужжатлар бўлмаган, йўқ ва бўлмайди ҳам”, - деди вазир ўринбосари.

Шундан сўнг А.Шарафуддинов терговчи ва сўроқ қилинаётган шахс ҳамда дастлабки ҳибсга олиш жараёнидаги қоидаларга ўзгартиришлар киритилаётгани, бу жараёнда кузатилаётган қонунбузарликлар бартараф этилаётгани ҳақида маълумот берди.

А.Шарафиддиновнинг сўзларига қараганда, вазирлик журналистларни қатағон қилиш эмас, аксинча улар билан одатий мулоқот ўрнатиш тарафдоридир. Вазирлик журналистларга ҳар қандай маълумот юзасидан зудликда бўлмаса-да, изоҳ билдиришга тайёр.

Ушбу учрашувда собиқ адлия вазири Абдусамат Полвонзода тўғрисидаги тахминларга изоҳ сўраш имконияти ҳам пайдо бўлди.

“Полвонзода ҳақида мен ҳеч нарса билмайман. Зеро, у бизнинг вазирликда эмас. Хуллас, у бу ерда, ертўлада эмас”, - деди А.Шарафуддинов бу ҳақдаги саволга жавоб бериб.

Вазир ўринбосари яқинда ҳибсга олинган журналист Собиржон Ёқубов ҳақида ҳам маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, журналист 11 апрель куни ҳибсга олинган. 14 апрель куни С.Ёқубовга Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) 3-бандининг “б” қисми бўйича айблов эълон қилинган. Айни пайтда у тақиқланган террорчи гуруҳларга алоқадорликда гумон қилинган шериклари билан биргаликда ҳибсда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ҳам вазир ўринбосари билан учрашиш ниятида йўлга чиққанди. Лекин у учрашувга етиб кела олмади.

Кейинчалик “Озодлик” радиосига телефон қилган М.Тожибоева бунинг сабабларини айтиб берди.

Маълум бўлишича, у Тошкентнинг бир нуқтасидан учрашувга бориш учун йўлга чиққан. Лекин йўлда ҳибсга олиниб, қаттиқ ҳақоратланган, ниҳоятда қўрқитилган ва Фарғонага, ўз уйига олиб бориб ташланган.

М.Тожибоева бу ишлар жуда катта амалдорлар иштирокида содир этилгани, уларнинг номларини ошкор эта олмаслигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, М.Тожибоева ҳам А.Шарафуддинов “сафсата”, дея баҳолаган мақолада қатағон қилиниши кутилаётган шахслар бири сифатида тилга олинганди.
XS
SM
MD
LG