Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:20

Ўзбекистонда мансабнинг нархи борми?


Тўлқин Ўзбекистонда мансаблар сотилиши, ҳатто ҳар бир мансабнинг баҳоси ҳам мавжудлиги ҳақида кўп гапирилади. Усмон Ҳақназаров имзоси билан Интернетда бир неча шов-шувли мақола эълон қилган шахс ҳам шу мавзуга тўхталибб, баъзи мансабларнинг неча пул туришини аниқ рақамларда кўрсатиб ўтган эди.

Афсуски, Ўзбекистонда мансаб сотилиши билан боғлиқ иддаолар юзасидан расмий идораларнинг жавобини олиб бўлмади. Бироқ кузатувчилар ва аҳоли вакиллари бу ҳақда гапиришга ҳар доим тайёр.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг таъкидлашича, у Ўзбекистондаги коррупция масаласини чуқур ўрганган. Шунинг учун бу ҳақда маълум ҳужжатлар тўплаган. Ўрганишлар чоғида жуда кўп мансаблар сотилиши маълум бўлган.

Т.Йўлдошевнинг айтишича, илгари Миллий хавфсизлик хизмати, ички ишлар ва прокуратура органлари жуда тоза ҳисобланиларди. Бироқ айни пайтда бу ерда ишловчиларнинг баъзилари мансабга эришиш учун неча пул бергани тўғрисида тор доираларда қўрқмай айтадиган бўлган.

“Озодлик” мухбири ўз исмини ошкор этишни истамаган, ўзини ҳуқуқ-тартибот органларидан бирининг коррупцияга қарши кураш бўлимида ишлаганини маълум қилган шахс билан ҳам суҳбатда бўлди.

Унинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда пулга сотилмаётган мансаб деярли йўқ. Бунда мансаб харидорининг билими, ишни билиши ҳисобга олинмайди. Ҳуқуқ-тартибот органларига коррупция ҳолатлари юзасидан жуда кўп нарса маълум. Лекин улар тўплаган маълумотларни керакли жойларга берса-да, ҳеч қандай чора кўрилаётгани йўқ.

“Мансабларнинг аниқ нархлари мавжудлиги ҳақидаги гап-сўзларда ҳақиқат бор. Масалан, туман ҳокимлиги 400 минг доллар атрофида туради. Бу ўртадаги шахсларга бериладиган пулдан ташқари”, - деди суҳбатдош.

Суҳбатдошнинг таъкидлашича, ҳуқуқ-тартибот органларида коррупция жуда кучли. Чунки уларнинг маоши оз, ўзлари эса деярли ҳуқуқсиз. Шунингдек, қуйи тизимларда ҳам порахўрлик авж олган. Масалан, оддий ногиронлик нафақасига чиқиш учун ҳам пул бериш керак.

Сиёсатшунос Т.Йўлдошевнинг фикрича, коррупциянинг олдини олиш учун, аввало, ошкоралик бўлиши лозим. Молия тизими, иқтисод ва бошқа соҳалар очиқ иш юритиши керак. Матбуот эркинлиги таъминланиши зарур. Жамиятнинг ўзи бу иллатга қарши курашиши талаб этилади. Ўшандагина коррупцияни камайтириш мумкин.
XS
SM
MD
LG