Линклар

Футбол баҳси тартибсизлик билан якунланди


Футбол бўйича Ўзбекистон биринчилигининг 15 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги турида Наманганнинг “Навбаҳор” ва Фарғонанинг “Нефтчи” жамоалари ўртасидаги баҳс тартибсизликлар билан якунланди.

Бу икки клубнинг ўзаро учрашуви ҳар доим жуда кескин курашлар остида ўтади ва кўп сонли мухлислар эътиборини тортади. 15 апрель кунги ўйинда ҳам стадионга қарийб 50 минг мухлис ташриф буюрди.

“Нефтчи”нинг фарғоналик ишқибозларидан икки мингга яқини ҳам ўзлари учун ажратилган алоҳида сектордан жой олди.

Ўйиннинг иккинчи бўлими охирларида “Нефтчи” футболчиларидан Санжар Асқаралиев ва Анвар Бердиевга қизил карточка кўрсатилиб, майдондан четлатилди. Тартибсизликларнинг бошланиши шу пайтга тўғри келди.

Фарғоналик мухлислар ҳакамнинг қароридан норози бўлиб, ўриндиқларни бузиб, “Навбаҳор” ишқибозлари томонига ота бошлади. Натижада муайян вақт давомида ўйин тўхтатиб ҳам қўйилди.

Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида “Навбаҳор” ўйинчилари гол киритгач, мухлислар ўртасидаги келишмовчиликлар янада кучайиб кетди. Ўйин яна 10 дақиқача тўхтаб қолди.

Тартибсизликлар ўйиндан кейин янада кучли тус олди. Маълум бўлишича, наманганлик ишқибозлар фарғоналик мухлисларни ва уларнинг машиналарини тошбўрон қилган. Тартибсизликлар чоғида ҳар икки томондан ҳам жароҳатланганлар бўлган.

Баъзи мухлисларнинг фикрича, бу тартибсизликларга, асосан, ҳакамнинг айрим нохолис қарорлари сабабдир.
XS
SM
MD
LG