Линклар

Рауф Парфининг кўзлари ёки бир сурат тарихи

  • Садриддин Ашур

Uzbek artist Shukhrat Abdurashidov

Uzbek artist Shukhrat Abdurashidov

Яқинда вафот этган улуғ шоир Рауф Парфининг рассомлар чизган суратлари кўп эмас. Балки иккита, балки учтадир. Шу суратлардан бири шоирнинг иккинчи умр йўлдоши Дилором Исҳоқованинг уйида сақланади.

Бу суратни ҳозир марҳум бўлган рассом Шуҳрат Абдурашидов чизган. Ўшанда Рауф Парфи 38 ёшда, Дилором опа эса 22 ёшда эди.

“Шуҳрат ака портретни жуда тез чизди. Лекин кўзларимиздаги ниманидир топа олмаётганини айтиб, кўзларни чизмади. Кўзларсиз портрет бир қанча вақт шу ҳолда қолиб кетди”, - дейди Дилором опа.

Хуллас, кўзлардан ниманидир излаган рассом ишни шу ҳолича қолдирди. У ўша кўзларни топадиган лаҳзаларни пойлади. Ниҳоят ўша лаҳзани топди ҳам.

“Тўйимиздан сал аввал, август ойи охирларида бирдан кучли ёмғир ёғди. Шуҳрат аканинг устахонаси уйининг балконида жойлашганди. Биз Рауф ака билан ёмғирга тикилиб ўтиргандик. Ўша чоғда рассом ўз назарида икковимизнинг кўзимиздан бир нарса топа олди, шекилли, қандайдир 10-15 минут ичида портрет ниҳоясига етди”, - деб эслайди Д.Исҳоқова.

Ҳозир бу сурат “Шоир Рауф Парфи ва Дилором Исҳоқова портрети” деб номланади. Аммо рассомнинг ўзи унга “Айрилиқ” деб ном берганди.

Д.Исҳоқованинг айтишича, тўй бўлишига бир неча кун қолган бир пайтда рассомнинг портретга бу номни бергани уни бирмунча ранжитган. Бунга жавобан рассом: “Сизларнинг турмуш қуришингиз айрилиққа қўйилган биринчи қадам бўлади”, - деган.

Дилором опанинг таъкидлашича, Ш.Абдурашидов Рауф Парфини яхши билан. У руҳият одами эканини, ҳеч қайси аёл билан узоқ яшай олмаслигини яхши ҳис қилган.


Uzbekistan - photo named Writer A.Oripov and painter B.Babayev drawn by Uzbek artist Shuhrat Abdurashidov, 1973

Uzbekistan - photo named Writer A.Oripov and painter B.Babayev drawn by Uzbek artist Shuhrat Abdurashidov, 1973

Портретда ўктам йигит жуда узоқ-узоқларга тикилмоқда. Ёнидаги қиз эса бошқа томонга қараган. Нега бундай ғайриоддий манзара?

“Мен буни ҳеч ҳам тушунмайман, - дейди Д.Исҳоқова.- Балки Шуҳрат ака Рауф Парфи иккаламизни бошқа-бошқа дунё деб билгандир? Бу сирни ҳам Шуҳрат ака ўзи билан олиб кетган. Бу портретдан фожеанинг ҳиди келади. Лекин ҳаётимизни фожеага ўхшатиб бўлмасди. Балки рассом бизнинг ажралиб кетишимизни олдинган билгандир”.

Рассом Рауф Парфининг кўйлагига қизил ранг берган. Дилором опанинг сўзларига қараганда, рассом бу ранг олов ва қон ранги эканини, бу Парфининг бағри қон бўлиб, ёниб яшаганига ишора эканини айтган.

Юқорида таъкидланганидек, рассом Рауф Парфининг кўзларидаги нималарнидир узоқ излаган эди. Бу кўзларда эса миллат дарди, миллатнинг келажаги учун қайғурадиган шоирнинг орзулари яширин эди.

Uzbekistan - photo named The Two on the Threshold drawn by Uzbek artist Shuhrat Abdurashidov

Uzbekistan - photo named The Two on the Threshold drawn by Uzbek artist Shuhrat Abdurashidov



Замондошлари истеъдодини юқори баҳолаган рассом Шуҳрат Абдурашидов ўзи “Айрилиқ” деб номлаган асарини шоирнинг тўйига тақдим этгандан бир йил ўтиб автомобиль ҳалокатига учраб, ҳаётдан кўз юмган.
XS
SM
MD
LG