Линклар

logo-print

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво

“Ҳуррият” газетасининг 13 апрель сонида Аннамурод Жумақулиевнинг “Жазо муддати тугади, кейин-чи?” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда қамоқда жазо муддатини ўтаб, озодликка чиққанларнинг кейинги тақдири ҳақида мулоҳаза юритилади:

“Қаранглар, отаси судланган бўлса, унинг ўғли бирорта суд-ҳуқуқ тизимига ишга олинмайди. Бундан ташқари ҳам тажриба алмашиш учун чет элларга бориши мумкин эмас. Лекин ҳарбий хизмат учун йўл очиқ. Ана, илгари судланган одамларнинг фарзандлари Афғон тупроғида мардлик намуналарини кўрсатиб, ҳалок бўлдилар. Ҳеч иложимиз бўлмаганида, озгина инсоф билан гапирайлик. Бу ҳол қайси бир ҳаётий мантиққа тўғри келади. Қолаверса, ота учун боланинг жавобгар эмаслиги қонунда кўрсатилган эмасми?”


“Қишлоқ ҳаёти” газетасининг 15 апрель сонида “Бефарқликми ёхуд …” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда газетхонлардан келган шикоят хатларининг чоп этилиши борасида, жумладан, бундай дейилади:

“Башаранг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама, дейишади. Худди шундай, матбуот ҳам жамиятни холис, тезкор ахборот билан таъминлаш бараварида мавжуд муаммоларни кўзгу мисоли акс эттиришга бурчли. Ваҳоланки, аксар кишиларимиз таҳририят остонасига ўз дардига малҳам сўраб келишади, узундан-узун хатлар билан мурожаат этишаркан, матбуотдан нажот исташади. Уларнинг мурожаатларини жавобсиз қолдириш эса уларни кўкрагидан итаришдек гап”.

Газетада босилган шикоятларнинг қандай таъсирга эга бўлаётгани ҳақида муаллиф қуйидагича ёзади:

"... йил давомида газетада танқидий-таҳлилий мақолаларнинг узвийлиги таъминланди. Очиғи, бу руҳдаги чиқишларнинг айримлари ўз акс-садосини берди. Яна айримлари эса сувга тушган тошдек таъсири мавҳумлигича қолди".

“Адвокат-пресс” газетасида “Билиб қўйган яхши” рукни остида ишчи ва иш берувчининг ҳуқуқларига оид қонундан парчалар бериб бориляпти. “Меҳнат жароҳатлари туфайли қилинган қўшимча харажатларни жабрланувчига тўлаш”га оид навбатдаги парчада бундай дейилади:

"Етказилган зарар учун жавобгар бўлган иш берувчи жабрланувчига ўртача ойлик иш ҳақи (даромади)дан ташқари, меҳнат жароҳати туфайли қилинган қўшимча харажатларни ҳам тўлашга мажбурдир. Тўланадиган бундай харажатларга даволаш, протезлаш, қўшимча овқатланиш, дори-дармонлар сотиб олиш, санаторий-курортда даволаниш, шу жумладан, жабрланувчининг даволанадиган жойга бориш ва келиш йўл харажатлари, зарур ҳолларда эса, шунингдек, ўзганинг парваришига муҳтож бўлганда кузатиб борувчи шахснинг ҳам йўл харажатлари, махсус транспорт воситаларини сотиб олиш ва бошқа турли ёрдам харажатлари, агар у ТМЭК томонидан ёрдамнинг ушбу турларига мухтож, деб топилган бўлса, ва уларни тегишли ташкилотлардан бепул олиш ҳуқуқи бўлмаса, шунингдек, жабрланувчи билан иш берувчи ўртасида зарарни тўлаш бўйича баҳс пайдо бўлганда ҳамда баҳс жабрланувчи фойдасига ҳал бўлган ҳолларда адвокат ёллаш учун қилинган харажатлар киради".
XS
SM
MD
LG