Линклар

“Террорчи”ларнинг навбатдаги гуруҳи устидан суд бошланди


Тўлқин 18 апрель куни Тошкент шаҳри жиноят ишлари судида ваҳҳобийлик диний оқимига аъзолик, терроризм ва бошқа жиноятлар содир этишда айбланаётган 20 киши устидан суд жараёни бошланди.

Очиқ суд бўлишига қарамай, суд залига журналистлар ва судья рухсатини олмаган фуқаролар киритилмади. Фақат ҳар бир судланувчининг биттадан қариндоши ва адвокатларгина суд залига қўйилди.

Бу судланувчилар Тошкентнинг Ҳамза туманидаги “Ғалабанинг 40 йиллиги” мавзесида яшаган, 2004 йил сентябрь ойида тақиқланган диний оқимларга алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинган қирққа яқин ёшларнинг бир гуруҳидир. Улардан 19 киши тергов вақтида судда иштирок этиш шарти билан ҳисбдан озод қилинганди. Қолган 20 нафари эса ўша вақтдан буён ҳибсда сақлаб келиняпти.

Судланаётганларнинг аксарияти 1979-1982 йилларда туғилган. Улар бир мактабда ўқиган маҳалладошлардир. Ўқувчилик йилларида диний билим ва намоз ўқишни биргаликда ўрганган.

Бу ёшлар Жиноят кодексининг конституциявий тузумга тажовуз қилиш, диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларга алоқадорлик, терроризм, қотиллик каби бир неча моддалари бўйича айбланмоқда.

Қотиллик бўйича модда қўлланишига сабаб улар 1999 ва 2004 йиллардаги портлашларга бевосита эмас, билвосита иштирокчи ҳисобланаётганидир.

Адвокат Фарида Раҳимованинг сўзларига қараганда, бу ёшларга қўйилган айбловлар бутунлай асосга эга эмас.

Баъзи ота-оналар мазкур портлашлар содир этилганда уларнинг фарзандлари Тошкентда, ҳатто Ўзбекистонда бўлмаганини айтди. Хусусан, судланувчилар бири Россиянинг Уфа шаҳрида, яна бири Москвада бўлган.
XS
SM
MD
LG