Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:32

Тошкентда қизамиқ тарқаляпти


Саида Шу кунларда Ўзбекистонда, жумладан, Тошкент шаҳрида ўсмирлар ва ёшлар ўртасида қизамиқ касаллиги тарқалаётгани кузатилмоқда. Талабалар орасида ҳам бу касаллик билан оғриганлар бор.

Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларидан бирида ўқийдиган талабанинг сўзларига қараганда, бир куннинг ўзида курсдошларидан тўрт нафари қизамиққа чалинган. Шунга қарамай, бу университетдаги талабаларни оммавий эмлаш ўтказилгани йўқ.

Мутахассисларнинг айтишича, яширин даври 21 кун давом этадиган қизамиқ катталарда ёш болаларга нисбатан оғирроқ кечади. Бу касалликнинг кўпайиб бораётганига эса қизамиққа қарши эмлаш ишлари яхши йўлга қўйилмаганидир.

1-Тошкент давлат тиббиёт институти юқумли касалликлар кафедраси ходими Гулчеҳра Тиллаеванинг таъкидлашича, ҳозирча қизамиқ тарқалаётгани сабаблари ҳақида аниқ хулосалар йўқ. Аммо, шуни айтиш мумкинки, аҳоли эмланиб турилгани билан вакциналар маълум вақт ўтиб, ўз таъсир кучини йўқотиши мумкин.

“Ҳозир ёшлар ўртасида бу касаллик тарқалаётганига сабаб уларда болаликдаги эмлаш вақтида юзага келган иммунитетнинг пасайиб бўлганидир. Шунинг учун олимларимиз қизамиққа қарши ҳозиргидек 2 марта эмас, 3 марта эмлашни йўлга қўйишни таклиф этмоқда”, - деди Г.Тиллаева.

Норасмий маълумотларга кўра, Тошкентда болалар ўртасида ҳам қизамиққа чалинганлар бор. Шаҳардаги туғруқхоналардан бирида айни шу хавф туфайли бир неча кун давомида карантин жорий этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария-эпидемиология бошқармаси директори Боқижон Маткаримовнинг маълум қилишича, 2010 йилга бориб мамлакатда қизамиқ эпидемиясига бутунлай барҳам бериш дастури мавжуд. Бу дастур доирасида 20 ёшгача бўлган барча аҳоли вакиллари эмланади. Айни пайтда дастурни амалга оширишга тайёргарлик кўрилмоқда.
XS
SM
MD
LG