Линклар

Ўзбекистон ГУУАМ саммитида қатнашмайди

  • Садриддин Ашур

Грузия Бош вазири Зураб Ногаидели Тошкентга ташрифи доирасида 18 апрель куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва бошқалар расмий шахслар билан музокаралар ўтказди.

З.Ногаиделининг матбуот анжуманида билдиришича, ушбу музокараларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ транспорт йўлакларидан фойдаланишни такомиллаштириш, Европадан Осиёга ва тескари йўналишда юк ташишни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган.

Грузия Бош вазирининг сўзларига қараганда, икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айрбошлаш ҳажми ўтган йили 2003 йилгидан икки баробар кўпайган. Бироқ шунда ҳам савдо айланмаси бор-йўғи 20 миллион долларни ташкил этган.

Ўзбекистон ва Грузия ўртасида бундан бир неча йил муқаддам эркин савдо бўйича шартнома имзоланганди. Лекин Грузия шу пайтгача шартномани ратификация қилмаган.

“Ўзбекистон томони бу шартномани ҳали ҳам маъқуллашини билдирди. Шунинг учун яқинда у Грузия парламенти томонидан ратификация қилинади”, - деди З.Ногаидели.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекисон ГУУАМ ташкилотининг Кишинёвда бўлиб ўтадиган саммитида қатнашмаслиги билдирган. Шу боис, Тошкентдаги музокаралар чоғида бу масала муҳокама қилинмаган.

З.Ногаидели икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашуви яқинда бўлиб ўтишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG