Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:32

Сўз ва фикр эркинлиги қўмитаси мониторинг ўтказишни ўз зиммасига олди


Феруза Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари ва журналистлар ҳуқуқларининг бузилиши бўйича доимий мониторинг ўтказишни Сўз ва фикр эркинлиги қўмитаси ўз зиммасига олди.

Илгари бу ишни “Интерньюс” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари амалга оширарди. Аммо унинг фаолиятига чек қўйилгач, мониторинг ўтказиш билан “Одил сўз” халқаро ташкилоти шуғулланиб келди.

Сўз ва фикр эркинлиги қўмитаси эълон қилган илк мониторинг натижаларига кўра, март ойида мамлакатда журналистлар ҳуқуқлари бузилишига оид уч ҳолат қайд этилган.

Ҳисоботда айтилишича, Қашқадарё вилояти телевидениесининг “Ассалом, Қашқадарё” тонгги дастури ижодкорларига нисбатан Қарши шаҳридаги “Бибинисо” хусусий компаниясининг маънавий ва моддий зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризаси асосида суд жараёни бошланган. Дастурда Қаргши шаҳри марказидаги автомобиллар тўхташ жойи машиналар қатновига халақит бераётгани ҳақида лавҳа берилган. Оқибатда, даъвогарлар иддаосича, бу тўхташ жойига 56 кун давомида ҳеч ким машинасини қўймаган.

Қашқадарё вилояти телевидениеси директори биринчи ўринбосари Нурмамат Имомовнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, журналист лавҳани тайёрлаш жараёнида қонун доирасида иш кўрган ва у ҳақ. Аммо ҳозир якуний хулоса чиқаришга вақт эрта. Чунки бу иш юзасидан суд жараёни ниҳоясига етгани йўқ.

Мониторингда март ойида Жиззах вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган брифингга “Фергана.ру” сайти мухбири киритилмагани ҳам таъкидланади.

Интернетда Сафар Абдуллаев имзоси билан Ўзбекистонда тайёрланаётган қатағонлар режаси ҳақида мақолалар бериб бориляпти. Мақолалардан бирида қатағон қилиниши режалаштирилганлар рўйхатида журналистлар ҳам борлиги маълум қилинади.

Яқинда ушбу рўйхатда номи келтирилган журналистлар бу ҳолатга изоҳ сўраб, Ўзбекистон ички ишлар вазири Зокир Алматовга мактуб йўллаганди.

Ўтган ҳафтада мактуб муаллифларини ички ишлар вазири ўринбосари Алишер Шарафуддинов қабул қилиб, “қора рўйхат” борасида маълумотлар сафсата эканини билдирганди.

Хўш, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотдан кейин “қора рўйхат”га киритилган журналистлар ўзларини бехавотир сезяптими?

Уруш ва тинчликни ёритиш институти мухбири Қудрат Бобожоновнинг сўзларига қараганда, бу мулоқот унда иштирок этган журналистларда ижобий таассурот қолдирган.

“Аммо кейинги воқеалар тадрижи, хусусан, Мўътабар Тожибоевага тазйиқ ўтказилиши, “Ҳуррият” газетаси мухбирининг ҳибсга олиниши бихзни яна ўйлантириб қўйди”, - деди Қ.Бобожонов.

Яқинда Ички ишлар вазирлигининг юқори мартабали амалдори “Немис тўлқини” радиоси мухбири билан суҳбатда ҳуқуқий фаол фуқаролар ва журналистларга нисбатан мафкуравий кураш олиб бориш вазирлик ваколатига кирмаслиги айтган. Бу амалдорнинг айтишича, оммавий ахборот воситалари ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини назорат қилиш, эълон қилинган қатағон режаларини амалга ошириш билан Миллий хавфсизлик хизмати шуғулланади.

“Озодлик” мухбири МХХ шаънига айтилган таъкидга муносабат сўраб, унинг матбуот котиби Олим Тўрақуловга мурожаат қилди.

“Ўзбекистондаги ички сиёсат билан таниш киши учун эълон қилинган мақолага жиддий муносабатда бўлишнинг ўзи нотўғри. Бу борадаги саволни қабул қилиб, унга жавоб бериш биз учун уят”, - деди О.Тўрақулов.
XS
SM
MD
LG