Линклар

logo-print

“Ҳуррият”чилар Собирнинг тўла оқланишига умид қилади


Озодбек “Ҳуррият” газетаси мухбири Собиржон Ёқубов 11 апрель куни ҳибсга олинганди. Унга Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) бўйича айблов эълон қилинган.

“Озодлик” мухбири С.Ёқубов ишлаган газета ходимларининг ҳамкасби ҳақидаги фикрларини ўрганди.

“Ҳуррият”да ишлайдиган Зебо Абдуқодированинг сўзларига қараганда, у Собиржон билан битта хонада ўтиради. Унинг бирорта ножўя қадам қўйганини эслай олмайди.

Таҳририят ходимаси Зумрад Лутфуллаева ҳам С.Ёқубовни беш йилдан буён билишини, унинг содда, очиқкўнгил, ҳалол йигит эканини таъкидлади.

“Мен унинг устидан иш очилганидан, унга нисбатан ноҳақликдан жуда хафаман. Яқинда газетамиз тахламини кўздан кечирсак, Собирнинг терроризмга қарши кураш мавзусида ёзган 25 дан ортиқ мақоласи борлигини кўрдик”, - деди З.Лутфуллаева.

Газета масъул котиби Ҳаким Сатторий С.Ёқубов иш жараёнида ўзини изланувчан ходим сифатида кўрсатгани, халқаро мавзуларда ҳозиржавоб материаллар тайёрлаганини билдирди.

Газета бош муҳаррири вазифасини бажарувчи Исмат Худоёров Собиржонга қўйилган айб хусусида аниқ бирор гап айта олмаслигини, лекин ҳуқуқ-тартибот органлари адолатли хулоса чиқаришига умид қилишини таъкидлади.

“Ҳуррият” газетаси ходимлари С.Ёқубов иши юзасидан адолат қарор топишига, унинг тўла оқланишига ишонишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG