Линклар

АҚШ элчиси Қашқадарёда


Фирдавс 18 апрель куни АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жон Пурнелл Қашқадарёда бўлиб, вилоятдаги бир неча халқаро ташкилотлар фаолияти билан танишди.

Маълумотларга кўра, элчи икки кун давомида вилоятдаги Америка грантлари асосида иш олиб бораётган бир неча ташкилотларнинг фаолиятини ўрганган. Шунингдек, вилоятда жорий йил 12 январдан буён фаолият кўрсатаётган “Америка бурчаги” ахборот ресурс марказининг расмий очилиш маросимида қатнашган.

“Америка бурчаги” маркази маъмури Қодир Рўзиевнинг сўзларига қараганда, марказ Америка ҳаёти билан қизиқувчиларга етарлича маълумот етказиб беради. Марказга АҚШ элчихонаси томонидан 38 минг долларлик адабиётлар, техник воситалар олиб берилган.

Маълум бўлишича, элчи Қашқадарёда 2002 йилдан иш бошлаган “Соғлом оила” лойиҳаси фаолияти билан танишган ва Касби тумани туғруқхонасида лойиҳа асосида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирган.

Ж.Пурнелл СHF халқаро ташкилоти лойиҳаси бўйича Яккабоғ туманида Чимқўрғон қишлоғида қурилган ишлаб чиқариш маркази ва спорт мажмуининг очилиш маросимида ҳам қатнашган.

Шунингдек, Китоб ва Ғузор туманларида бўлиб, бир неча мактабни бориб кўрган.

Қашқадарё ҳокимлиги вакилининг билдиришича, Ж.Пурнелл вилоят ҳокими билан ҳам учрашган. Элчи ҳокимликнинг ташриф билан боғлиқ дастурларини рад этган, маҳаллий журналистлар ва ҳокимият вакиллари ҳамроҳлигидан воз кечган.
XS
SM
MD
LG