Линклар

Тиланчи аёллар ниятидан қайтмоқчи эмас


Ижтимоий ночор аҳволидан Президентга шикоят қилиш тараддудида Тошкентга иккинчи бор келган қўшкўпирлик тиланчи аёллар яна мамлакат раҳбари билан учраша олмай ортига қайтди.

Қўшкўпирлик тиланчи аёллар - 46 ёшли Ойпошша Шомуродова ва 68 ёшли Солия Хўжабоева аввал ҳам Президентга шикоят қилиш учун Тошкентга келганди. Ўшанда улар не-не қийинчиликларга учраб, ниятига ета олмай Хоразмга қайтиб кетганди.

Бу галги сафар олдидан аёллар бир неча ой давомида тиланчилик орқасидан топган пулларини йиғиб борди. Шундан кейингина автобусда Тошкентга йўл олди.

“Тошкентга келиб тушганимиздан ўзини Муҳаббат Аширова деб таништирган аёл бизни кутиб олди. Президентнинг ёрдамчиси эканини, бизга кўмак беришини айтди”, - дейди тиланчи аёллар.

О.Шомуродованинг сўзларига қараганда, М.Аширова уларни вилоят прокуратураси ёнига олиб келган ва Президентга шикоят қилмасликни, акс ҳолда бошларидан ажралишини айтган. Шундан кейин Чилонзордаги ошхонага олиб бориб, сочи оқарган бир кишига топширган.

“Аёл бу одамга бизни гум қилишни буюрди. Шунда биз қўрқиб кетдик. Кейин амаллаб қочиб қолдик. Юнусободда изимизга М.Аширова қўйган яна икки киши тушди. Яхши одамларнинг ёрдами билангина Хоразмга қайтдик”, - деди О.Шомуродова.

С.Хўжабоева Тошкентга икки марта келиб-кетиш жараёнида анчагина қийналган бўлса-да, Президентдан ёрдам сўраш учун яна пойтахтга келишга қарор қилганини билдирди.

Тиланчи аёллар бунинг учун яна садақа сўраб, пул йиғишга киришганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG