Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:50

"Ҳуррият" мухбири химоясига кампания давом этмоқда


Конституцион тизимга қарши фаолиятда айбланиб, ҳибсга олинган журналист Собиржон Ёқубовнинг озод этилишини талаб қилаётганлар сони ортиб бормоқда.

Яқинда қароргоҳи Ню-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси "Ҳуррият " газетининг мухбири бўлган Собиржон Ёқубов озод этилиши талаби айтилган очиқ баёнотини эълон қилди.

Париждаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти ҳам бу масала юзадан Ўзбекистон рахбариятига мактуб йўлламоқчи.

Йигирма икки яшар Собиржон Ёқубов "Ҳуррият" газетаси мухбири сифатида ўзининг дадил чиқишлари билан тилга тушган журналистлардан. У ноқонуний ташкилот аъзоси бўлганликда ва конституцион тузумга тажовуз қилганликда айбланмоқда.

Аммо, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси вакили Алекс Лупис Ёқубов кескин мақолалари учун ҳукумат тарафидан нишонга олинганини эҳтимолдан қочирмайди.

"Биздаги маълумотларга кўра, Собиржон Ёқубов 20 йилгача қамоқ жазосига тортилиши мумкин. Ҳукумат расмийлари журналистга қўйилаётган айблов унинг диний фаолияти билан боғлиқлигини айтишмоқда. Аммо, биз Собиржонга қўйилаётган айбловлар унинг журналистика фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкинлигидан хавотирдамиз", - дейди Алекс Лупис.

Муқаддам Ўзбекистон Президенти степендиати бўлган Собиржон Ёқубов яқинда Маккада ҳаж зиёратида бўлиб, у ердаги таассуротлари ҳақида "Орзулар диёрига сафар" сарлавҳали мақола ёзганди. Балки шунинг учун журналист ҳукумат таъқибига учрагандир деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси вакили Алекс Лупис фикрича, Ўзбекистондек репрессив давлатда бундай шубҳаларга ўрин бор.

"Ўзбекистон, афсуски, ўтмишда шов-шувли мақолалар ёзган журналистларни таъқиб қилиш, қамоққа олиш билан танилган давлатдир. Ёқубовнинг қамоққа олиниши эса ушбу репрессияларнинг узвий давомидир ва биз шундан жиддий хавотирдамиз", - дейди Алекс Лупис.

Париждаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти ҳам ўзбекистонлик журналист хибсга олинишидан жиддий ташвишда. Ташкилот вакили Бенжамин Жойо "Озодлик" мухбири билан суҳбатда Собиржон Ёқубов холатига дунё жамоатчилиги эътиборини қаратиш мақсадида "Чегара билмас мухбирлар" Тошкент ҳукуматига очиқ хат ҳозирлаётганини маълум қилди.

"Биз Ёқубов ва унга ўзбек ҳукумати томонидан очилган аҳмоқона жиноий иш ҳақида ҳамма билиши кераклигини хоҳлаймиз ва мамлакат ичкариси ва ундан ташқарисига ўз хавотирларимизни билдириб, Ўзбекистон ҳукуматидан журналистнинг озод этилишини талаб этамиз", - деди "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти вакили Бенжамин Жойо.

Собиржон Ёқубов ўз мақолаларидан бирида Украинада ўлдирилган журналист Георгий Гонгадзе тақдири ҳақида "Виждонни енгиб бўлмайди" сарлавҳали мақола ҳам ёзган. Собиржоннинг ҳамкасблари эса Ўзбекистон ҳукумати бу мақолани исёнга даъват сифатида кўриб, уни хибсга олган бўлиши мумкин, деган тахминда.

Суҳбатдошимиз Алекс Лупис эса бу тахминларда ҳам жон борлигини назардан соқит қилмайди.

"Албатта, Ўзбекистондаги каби репрессив ҳукуматни Қирғизистон ва Украина, қолаверса, Грузиядаги воқеалар ташвишга солиши табиий. Афсуски, Ўзбекистон ҳукумати матбуотнинг эркинроқ фаолият юритиши ўз манфаатида эканини тушуниб етмаяпти", - дейди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси вакили Алекс Лупис.
XS
SM
MD
LG