Линклар

logo-print

“Freedom house” ваколатхонаси раҳбари ўзгарди


Озодбек “Freedom house” халқаро ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари ўзгарди. Бу лавозимга Бранка Шесто хоним тайинланди. У ваколатхонага 18 ой мобайнида раҳбарлик қилган Мьюша Север хонимнинг ўрнини эгаллади.

Б.Шесто хоним 2004 йил июль ойидан буён ваколатхонада инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассис бўлиб ишлаб келаётган эди. Сўнгги бир ой давомида эса у ваколатхона раҳбари вазифасини бажараётганди.

Б.Шестонинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда таъкидлашича, “Freedom house” ваколат доирасидан чиқмаган ҳолда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва бу борада иш юритадиган нодавлат ташкилотларга имкон қадар ёрдам беришга тайёр.

Б.Шесто М.Севернинг бошқа ишга ўтказилганига ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг унинг фаолиятидан норозилик билдиргани сабаб бўлгани ҳақидаги тахминларни рад этди.

Унинг айтишича, М.Север асосий мақсади ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳукумат ўртасида ҳамкорликни юзага келтиришга қаратилган “Очиқ мулоқот” лойиҳасига кўп эътибор қаратиб келган. Аммо энди бу лойиҳага ҳам ваколатхонанинг бошқа ходими раҳбарлик қилади.

Б.Шесто ваколатхона ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ўртасида кўп бора тушунмовчиликлар юзага келганини тан олди.

“Биз Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликни кучайтирганимиз учун кўпчиликнинг танқидига учрадик. Улар бу ҳолатни ҳукумат билан келишиб ишлашга йўйди. Лекин бундай эмас”, - деди “Freedom house” ваколатхонасининг янги раҳбари.

Кейинги пайтларда айрим журналистлар ҳам ваколатхона фаолиятидан норози эканини билдирмоқда.

Б.Шесто ваколатхонаси журналистлар учун доимо очиқлигини маълум қилди.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Б.Шесто хоним раҳбар бўлиб келгач, ваколатхона ва ўзлари ўртасидаги муносабат ижобий томонга ўзгаришига умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG