Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:09

Ўзбекистонда янги демократик коалиция тузилди


“Озод деҳқонлар” партияси “Серқуёш Ўзбекистон” номи остида ҳукуматга мухолифатда бўлган прогрессив кучларнинг демократик коалицияси ташкил этилганини эълон қилди.

Партия етакчиси Нигора Ҳидоятова коалициянинг вазифаси Ўзбекистонда демократия ва ижтимоий тараққиёт учун курашдан иборатлигини таъкидлади.

“Биз, энг аввало, сиёсий тизимни демократлаштириш, Президент ваколатларини чеклаш, сўз эркинлиги, ошкораликни қарор топтириш ва аграр ислоҳотлар ўтказиш талабларни олға сурамиз”, - деди Н.Ҳидоятова.

Шунингдек, “Озод деҳқонлар” партияси Жиззах вилояти ҳокими Убайдулла Яманқулов юритаётган сиёсатга қарши давомий норозилик акцияларини бошлаши ҳақида баёнот берди.

Партия вакилларининг таъкидлашича, У.Яманқулов вилоятдаги фермерларга нисбатан зулм-зўравонликни ҳануз давом эттирмоқда. У 30 март куни Дўстлик туманида бўлиб ўтган норозилик акциясига чиққан фермерлар ва уларнинг яқинларига тазйиқни давом эттиряпти.

Эслатиб ўтамиз, Дўстлик туманилик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Эгамназар Шойманов бир гуруҳ кишилар томонидан калтаклангач, 30 март куни 500 га яқин киши уни дўппослаган шахсларни жазога тортишни талаб қилиб, ғалаён кўтарганди.

Эртаси тонг саҳарда бу ерга етиб келган У.Яманқулов фермерларнинг муаммоларини ҳал қилишга ваъда берган, Дўстлик тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев эса халқдан кечирим сўраганди.

20 апрель куни “Озод деҳқонлар” партияси идорасига йиғилган фермерлар ва партия вакиллари вилоят ҳокими ўз ваъдасини бажармагани, аксинча норозилик иштирокчиларини таъқиб ва тазйиққа олаётганини билдирди.

30 март кунги воқеалар қаҳрамони Э.Шоймановнинг сўзларига кўра, ҳозир унинг оиласини қишлоқ одамлари навбат-навбатдан қўриқламоқда. Ҳокимият вакиллари эса унинг устидан жиноят иши очишга тайёргарлик кўряпти.

Дўстлик туманидаги воқеа Жиззахга қўшни бўлган вилоятлар раҳбарларини ҳам қаттиқ ташвишга солган кўринади.

Самарқандлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг билдиришича, мазкур вилоятда ҳам ўз ҳуқуқини талаб қилаётган фермерлар ва уларнинг тарафдорлари кучли назоратга олинмоқда.
XS
SM
MD
LG