Линклар

Табиат ҳимоячилари жамоатчилик ҳаракати тузди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда табиатшунос Виктория Боженова раҳбарлигида “Жамоатчилик экология ҳаракати” тузилди. Бу ҳаракат вакиллари ҳар ойда расмийлар билан давра суҳбати ўтказишни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда 21 апрель куни Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасини пикет қилишда иштирок этган бир гуруҳ табиатшунослар баёнот берди.

Мазкур пикетда, шунингдек, бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва оддий фуқаролар ҳам қатнашди.

Улар Ўзбекистонда табиат муҳофазасига етарли эътибор қаратилмаётгани, ободонлаштириш баҳонасида Тошкентда мевали ва манзарали дарахтлар кесиб ташланаётганидан норозилик изҳор қилди.

22 апрель – Ер халқаро куни муносабати билан ташкил этилган ушбу акция иштирокчилари мамлакатдаги экин майдонларига аёвсиз муносабатда бўлишга чек қўйилишини ҳам талаб қилди.

Сўнгги пайтларда Тошкентдаги кўп қаватли уйлар атрофини тартибга келтириш баҳонасида боқчалар бузилиб, дов-дарахтлар кесиляпти.

Пикетга чиққан оддий фуқаролар бу ишлар аҳоли талаб-истакларини ҳисобга олмай амалга оширилаётганини билдирди.

“Январь ойининг охирларидан уйларимиз олдидаги дарахтлар кесила бошлади. Ҳатто мевали дарахтлар ҳам кесиб ташланди. Одамларнинг дарахтларни кесмаслик тўғрисидаги ялиниб-ёлворишларига ҳеч ким қулоқ солмади. Ҳозир уйларимиз олди кўримсиз бўлиб қолган”, - деди пикетда қатнашган оддий фуқаро Светлана Борисова.

Кишиларнинг таъкидлашича, бу ишлар аслида ободонлаштириш эмас, балки хавфсизлик чораси сифатида амалга оширилмоқда.

Пикет иштирокчилари Ўзбекистондаги экин майдонлари заҳарли ўғитлар ва ердан нотўғри фойдаланиш натижасида хароб бўлиб бораётгани ҳақида гапирди.

Мутахассис Аҳтам Шоймардоновнинг сўзларига қараганда, мамлакатдаги экологик вазият фожеали тус олиш арафасида турибди. Ҳукумат эса ҳаёти табиатга боғлиқ бўлган халқни бутунлай унутган.

“Ўзбекистондаги пахта яккаҳокимлиги оқибатида Орол қуриди, лекин яккаҳокимликка чек қўйилмади. Энди эса пахта ва ғалла мустақиллиги йўлида ҳукумат ўзи белгилаган ҳосилни олиш учун ерга кимёвий ўғитларни аямай солмоқда”, - деди А.Шоймардонов.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги олдидаги норозилик чиқиши вақтида расмийлар билан учраша олмаган пикетчилар акцияни Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси олдида давом эттирди.

Қўмита вакиллари уларни музокара ўтказиш учун бино ичига таклиф қилди. Учрашувга шаҳар табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси вакиллари ҳам қатнашди.

Ўзаро мулоқот чоғида томонлар кўтарилган муаммоларни биргаликда ҳал этишга келишиб олди.
XS
SM
MD
LG