Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:42

Боғдан одам суяклари топиляпти


Басира Айни кунларда Бухоронинг эски шаҳар қисмида жойлашган Сомонийлар истироҳат боғида ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётган бўлиб, бу ердан одам суяклари топилмоқда.

Сўнгги йилларда одат тусига айланганидек, ободонлаштиришга шаҳардаги ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари талабалари мажбурий равишда жалб этилган.

Одам суякларини ҳам Бухоро давлат тиббиёт институти талабалари топган.

“Ер текислаш ишларини бажараётган пайтимизда калла ва тана суякларини топиб олдик. Домлаларимиз уларни қайта кўмишни буюрди”, - деди талабалардан бири.

Маълум бўлишича, айрим бўлажак шифокорлар бу суякларни ўқув жиҳози сифатида ишлатиш учун ташиб кетмоқда.

Бу ерда ишлаётган ишчилар “Озодлик” мухбири билан суҳбатда суяклар Исмоил Сомоний мақбараси яқинидан топилганини маълум қилди.

Бухоролик тарихчи олим Нусратилло Наимов суяклар илгари шу ерда дафн этилган одамларга тегишли бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Унинг айтишича, Исмоил Сомоний мақбараси атрофида жуда катта қадимий қабристон бўлган. 30-йилларда бу ерда барпо этилган боғ кейинчалик кенгайиб бориши натижасида мозор йўқолиб кетган.

“Мақбара 9-асрда қабристон ичида қурилган. Бу мозорнинг қанчалик қадимий бўлганини шундан ҳам билса бўлади”, - деди олим.

1933 йилда 80 гектар майдонда барпо этилган Сомонийлар истироҳат боғи ҳудудида Исмоил Сомоний мақбарасидан ташқари Чашмаи Аюб мажмуи, Ал-Бухорий музейи, “Биродарлар” қабристони жойлашган.

Бухоро шаҳрига келадиган сайёҳларнинг ташрифи шу ердан бошлангани сабабли боғни ободонлаштиришга катта эътибор берилади.

Боғ раҳбари Раҳим Каримовнинг билдиришича, бу ерда 1 мартдан буён жуда катта ободонлаштириш ишлари бошланган. Бу ишлар ҳокимлик ва ҳомий ташкилотлар кўмагида амалга оширилмоқда.

Исмоил Сомоний мақбараси пастликда жойлашган бўлиб, унинг атрофидаги баландликлар текисланмоқда. Олинган тупроқ ҳам текислаш учун ишлатиляпти.

Боғ раҳбари бу ердан одам суяклари топилаётганидан бехабар эканини айтди.
XS
SM
MD
LG