Линклар

Навбатда ким? Ўзбекистон раҳбари ГУУАМ саммитига бормайди

  • Барно Анвар

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ГУУАМ ташкилотига аъзо мамлакатларнинг 22 апрель куни Кишинёв шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитида иштирок этмайди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, И.Каримовнинг саммитда қатнашишни рад этгани сабаби Ўзбекистон 2002 йил июнь ойида мазкур ташкилотга аъзоликни тўхтатгани билан изоҳланади.

Эслатиб ўтамиз, 2002 йилда вазирлик Ўзбекистон ГУУАМ ортиқча сиёсийлашиб кетиб, иқтисодий ҳамкорлик иккинчи даражали масалага айланиб қолгани сабабли унга аъзоликни тўхтатгани ҳақида баёнот берганди.

Яқинда И.Каримовнинг ўзи ҳам Украина, Грузия ва Молдовадаги бугунги сиёсий йўналиш Ўзбекистоннинг ГУУАМга бўлган муносабатини қайта кўриб чиқишга мажбур қилаётганини билдирганди.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Виктор Ивониннинг фикрича, Ўзбекистоннинг бу ташкилотга киришидан асосий мақсади иқтисодий ҳамкорлик эди. Аммо ГУААМ фақат сиёсат билан шуғулланмоқда.

Кузатувчиларнинг эътирофича, бу ташкилот Россиянинг МДҲга аъзо мамлакатларга таъсирини камайтириш мақсадида ташкил этилган. Шу боис, сиёсий позициясини тез-тез ўзгартириб турадиган Ўзбекистоннинг унга иштироки суст бўлган.

Сиёсатчи Тошпўлат Йўлдошевнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон бу ташкилотга иштирокини тўхтатиши мамлакатнинг Россия билан муносабатларни яхшилашга уринаётгани билан боғлиқ. Қолаверса, Украина ва Грузияда рўй берган “рангли инқилоб”лар Ўзбекистонни ГУУАМдан четроқда туришга мажбур этмоқда.

ГУУАМнинг 22 апрелда Кишинёвда бўлиб ўтадиган саммити жаҳон жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотаётир. Чунки бу учрашувда ташкилотнинг бундан кейинги фаолияти, йўналишини белгилаб берувчи муҳим масалалар муҳокама этилиши режалаштирилган.

Саммитда Руминия ва Польша Президентлари ҳам қатнашиши, Руминия ГУУАМга аъзо бўлиш истагини билдириши кутилмоқда.

Грузия Президенти Михаил Саакашвилининг “рангли инқилоб” бўлиши кутилаётган навбатдаги мамлакат номини айтиши кутилаётгани бу учрашувга қизиқишни янада кучайтиряпти.
XS
SM
MD
LG