Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:38

Бирликчини милиционерлар калтаклади


Фирдавс Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида яшовчи шоир, “Бирлик халқ ҳаракати” партияси аъзоси Ибодулла Жўраев милиция ходимлари томонидан калтакланди, бу ҳам етмагандек, устидан жиноят иши очилди.

И.Жўраевнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда билдиришича, 5 апрель куни у туман судьяси олдида ҳуқуқий маслаҳат учун борган. Бироқ суд биносини қўриқлаётган милиция ходимлари ичкарига киришга рухсат бермаган ва судьяга ўзлари телефон қилишини айтган. Орадан анча вақт ўтса-да, милиционерлар судьяга телефон қилмаган.

Шундан сўнг, И.Жўраевнинг таъкидлашича, у гўшакни ўзига беришни сўраган. Милиционерлар эса уни постга бостириб киришда айблаб, роса калтаклаган ва боғлаб қўйган.

И.Жўраевнинг айтишича, кейин милиционерлар уни туман ички ишлар бўлимига олиб борган ва қамаб қўйган. Орадан бир кун ўтиб, туман прокуратураси терговчиси унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган ва уйига қўйиб юборган.

И.Жўраев калтакланиш оқибатида аҳволи ёмонлашгани сабабли эртаси куни прокуратурага бормай, шифохонага ётишга мажбур бўлди. Айни пайтда у Қаршидаги 1-вилоят шифохонасининг травматология бўлимида даволанмоқда.

“Шифокорлар текширгандан кейин ўнг қовурғам сингани маълум бўлди”, - деди И.Жўраев.

Муборак тумани прокуратураси терговчиси Омон Турдиевнинг сўзларига қараганда, И.Жўраев аслида суд биносига маст ҳолда келган ва милиция ходимлари билан жанжаллашган. Улардан бирининг погонини юлиб, кийимини йиртган.

О.Турдиев И.Жўраев бундан икки йил муқаддам ҳам худди шу ҳолатни содир этиб, Жиноят кодексининг 277-моддасининг (безорилик) 3-қисми билан айбланганини, икки йилга шартли қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, амнистия туфайли жазодан озод этилганини таъкидлади.

И.Жўраев эса 90-йиллардан буён “Бирлик”ка аъзолиги, партиянинг туман бўлимини бошқараётгани, ўзи билан рўй бераётган бундай воқеалар тазйиқдан бошқа нарса эмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG