Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:16

Банк тизими: назария ва амалиёт ўртасидаги тафовут


Тўлқин Ўзбекистонда давлат раҳбарининг банк тизими тўғрисида соҳани “янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш чора-тадбирлари”га бағишланадиган фармон ва қарорлари тез-тез қабул қилиниб турилади.

15 апрель куни шундай қарорлардан бири матбуотда эълон қилинди.

Бу ҳужжатдан кўзда тутилган асосий мақсад мамлакатда тижорат банклари ва хусусий банклар фаолиятини янада ривожлантириш, янги тижорат ва хусусий банклар ташкил этилишини рағбатлантириш ва уларнинг устидан Марказий банк томонидан ўрнатилган назорат ва чекловларни эркинлаштиришдан иборат.

Шу ўринда мутахассис бўлмаган кишининг хаёлига “Ўзбекистонда банк тизими шу пайтгача эркин эмасмиди” каби савол келиши мумкин, албатта.

“Пахтабанк” акциядорлик тижорат банки ходими Иброҳим Ҳакимовнинг сўзларига қараганда, ҳар қандай соҳа, хусусан, банк тизимида ҳам фаолиятни тартибга солиб туриш меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Марказий банк шу ҳужжатлар асосида банклар фаолиятини назорат қилади. Ислоҳотлар навбатдаги босқичга кўтарилгач, шу назоратни эркинлаштиришга эҳтиёж туғила боради.

Ўзбекистонда ўттизга яқин банк бўлиб, шулардан 10 таси хусусий, қолганлари давлат улушига эга акциядорлик тижорат банкларидир.

Президент қарорида тижорат банкларини тўла хусусийлаштириш, банк ва лизинг хизматининг тўлақонли бозорини яратиш ҳақида гап боради.

И.Ҳакимовнинг айтишича, Ўзбекистонда хусусийлаштириш жараёни чуқурлашиб боряпти. Банклар ҳам ўз фаолиятини иқтисодиётдаги таркибий, тузилмавий ўзгаришларга мослаб бориши керак. Қарорда белгиланган чора-тадбирлар шу мақсадларга қаратилган.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, банк тизимини ислоҳ қилиш тўғрисида тез-тез қарорлар қабул қилинаётгани соҳада камчиликлар борлигидан далолатдир. Яқинда “Бизнес банк”нинг инқирозга учрагани мана шу камчиликлар оқибати дейиш мумкин.

Иқтисодчи Шерзод Раҳматов Ўзбекистон банк тизими назарияси тўғри ишлаб чиқилган бўлса-да, амалиётда қўлланилиши жиддий хатоликларга тўла, дея фикр билдирди.

“Масалан, пластик карточкалар жорий этила бошлади. Бу назарий жиҳатдан жуда тўғри иш. Аммо пластик карточкада маблағи бўлган киши ўзи хоҳлаган вақтда бу пулни олиши таъминланмаган. Бу эса ислоҳотларга ишончни сўндиради”, - деди Ш.Раҳматов.

Ш.Раҳматовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда инфляция аҳоли қўлидаги пул массасини камайтириш ҳисобига ушлаб турилибди. Шу нуқтаи назардан қараганда, банк сиёсатини ўзгартирмасдан самарали ислоҳотларни амалга ошириш жуда қийин кечади.

“Пахтабанк” вакили Иброҳим Ҳакимовнинг билдиришича, янги қарорнинг жорий этилиши кредитлаш билан боғлиқ банк операциялари кўлами кенгайишига олиб келади. Чекловларнинг камайтирилиши натижасида тижорат банклари ўртасида юзага келадиган эркин рақобат мижозлар учун ҳам қулайликлар яратади.
XS
SM
MD
LG