Линклар

“Аждаҳолар уруши”ми ёки...

  • Садриддин Ашур

Интернетда Сафар Абдуллаев имзоси билан чоп этилаётган, Ўзбекистондаги қатағонларнинг навбатдаги босқичи ҳақида ҳикоя қилинаётган туркум мақолалар жуда кўп гап-сўзларга сабаб бўлмоқда.

Кузатувчилар С.Абдуллаев мақолаларида Ўзбекистон ички ишлар вазири Зокир Алматов ҳақида кўп гапирилаётгани, аммо Миллий хавфсизлик хизмати ва унинг раҳбари Рустам Иноятов эсланмаётганини таъкидлаётир.

Бу ҳолат айрим кишиларни С.Абдуллаевнинг мақолалари бу икки қудратли идоралар ўртасидаги зиддият натижаси эмасмикин, деган мулоҳазага ундаяпти.

Яқинда Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари Алишер Шарафуддинов бу мақолаларни “қуруқ бўҳтон”, деб баҳолаган эди.

МХХ матбуот хизмати раҳбари Олим Тўрақулов эса “бундай миш-мишларни жиддий қабул қилиш МХХ учун уят”лигини айтиш билан чекланганди.

Ўзбекистонлик кузатувчилар ҳам С.Абдуллаевнинг мақолаларини турлича қабул қилмоқда.

Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов бу мақолалар бирор шахснинг буйруғи билан ёзилаётганини тахмин қилди.

“Балки кимдир ўйин қилаётгандир. Усмон Ҳақназаров мақолаларини эслаб кўринг. Сафар Абдуллаевнинг ёзганлари ҳам унга ўхшаб кетади. Ҳақназаров ёзган гапларни одамлар унута бошлади. Чунки улардаги башоратларнинг кўпи амалга ошмади. Шунинг учун яна шундай мақолалар ўқувчилар эътиборига ҳавола этилса, янги шов-шувларни кўраверинг”, - деди И.Худойберганов.

И.Худойбергановнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари эркин бўлмагани сабабли Ҳақназаров ва Абдуллаевдек номи бору ўзи йўқ кишиларнинг мақолалари катта шов-шув уйғотади.

И.Худойбергановнинг таъкидлашича, бу мақолаларда Ўзбекистондаги кланлар, икки қудратли идора ўртасидаги курашлар ҳақида кўп гаплар бор. Лекин мамлакатда бугунги аҳвол юзага келишининг илдизлари анча чуқур, яъни тўғридан-тўғри оммавий коррупцияга, бунинг натижасида халқнинг қашшоқлашишига бориб тақалади.

Ўзбекистондаги айрим сиёсатшуносларнинг фикрича, ҳукумат ОАВга эркинлик бермас экан, давлат бошқарувидаги барча гаплар гоҳ тўғри, гоҳ нотўғри шаклда турли йўллар билан халққа етиб боради. Бундан эса, аввало, ҳукуматнинг ўзи зарар кўради.
XS
SM
MD
LG