Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:38

Жиззахлик журналист калтакланди


Шайбон 23 апрель куни Жиззахда маҳаллий мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров номаълум шахс томонидан калтакланди. У жиддий жароҳат олгани сабабли айни пайтда шифохонада даволанмоқда.

У.Ҳайдаровнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда билдиришича, бу воқеа кечки соат 22 га яқин содир бўлган. Номаълум шахс уни кўча бошида пойлаб турган ва кутилмаганда ҳужум қилган. У калтаклаётиб журналистга: “Сенга мақола ёзишни кўрсатиб қўяман”, - дея бир неча марта бақирган.

У.Ҳайдаров ўзининг калтакланиши ҳокимият вакиллари буюртмаси асосида амалга оширилганини тахмин қилаётганини таъкидлади.

Журналист Қудрат Бобожонов бу ҳужум махсус режа асосида амалга оширилган бўлиши мумкин, деган тахминни билдирди.

“Жиззахда кейинги ойларда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистларга тазйиқлар жуда кучайган. Бу эса қандайдир режа амалга оширилаётганидан дарак беради. Бироқ бу режа бошида ким тургани ҳозирча номаълум. Сафар Абдуллаев имзоси билан Интернетда чиқаётган мақолаларда жон борга ўхшайди. Чунки шу мақолалардаги “қора рўйхат”да Улуғбек Ҳайдаровнинг ҳам номи бор”, - деди Қ.Бобожонов.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев ҳам юқоридаги тахминларда жон борлигини таъкидлаб, У.Ҳайдаров бир неча ой аввал бу ҳақда огоҳлантирилганини маълум қилди.

“Чунки, - деди Б.Ҳамроев, У.Ҳайдаров кейинги вақтда Жиззах вилояти ҳокими Убайдулла Яманқулов юргизаётган зўравонлик сиёсатини таърифлаб, кўплаб мақолалар эълон қилаётган эди”.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тергов бўлими вакили “Озодлик” мухбири билан суҳбатда У.Ҳайдаровнинг калтакланиши юзасидан тергов олиб борилаётганини билдирди.

Унинг айтишича, ҳужум қилган шахснинг фотороботи тайёрланган ва барча милиция бўлинмалаига тарқатилиб, қидирув эълон қилинган.

У.Ҳайдровнинг ўзи ҳуқуқ-тартибот органларининг бу ҳаракатлари натижа беришига ишонмаётир.

Таъкидлаш керакки, бу каби ҳужумлар Ўзбекистонда янгилик эмас. “Озодлик”, “Америка овози”, “Би-Би-Си”, “Немис тўлқини” радиолари, “Интерньюс” ташкилоти журналистларига ҳам илгари шундай ҳужумлар уюштирилган эди. Аммо зўравонлар ҳунузгача топилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG