Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:57

Марказий газеталар шарҳи


Шайбон

“Ҳуррият” газетасининг 20 апрель сонида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Шерзод Ғуломовнинг “Сўз масъулияти” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Оммавий ахборот воситаларининг бугунги аҳволи, журналистлар малакаси масаласига алоҳида тўхтаб ўтилган ушбу мақолада қуйидаги сўзлар ҳам бор: “Бугунги журналист нафақат ўткир қаламли, балки замонавий техника воситаларидан ўз ўрнида фойдалана оладиган, албатта, бирон хорижий тилни, айниқса, инглиз тилини мукаммал эгаллаган бўлиши лозим, деб ўйлаймиз”.

Шу ўринда кичкина луқма. Мақолани чоп этган “Ҳуррият” газетасида шундай журналист бор эди. Бугунги кунда у, ҳамкасбларининг таъкидлашича, ноҳақ ҳибсхонада сақланмоқда.

22 апрель куни “Моҳият” ижтимоий-сиёсий газетасида журналист Акбар Жонузоқовнинг “Саводхонлик, сансалорлик” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Ҳуқуқни билиш қанчалар уқтирилмасин, ҳуқуқий меъёрлар ҳақида қанчалар гапирилмасин, буларни инобатга олиши лозим бўлган тузилмаларнинг ўзларида тартиб ўрнатилмаса, ҳеч нарса ўзгармаслиги ҳақида ёзар экан, муаллиф бундай мулоҳаза юритади: “Сенинг ҳуқуқий китобларни варақламаганинг ҳуқуқларингнинг паймол қилинишига асло сабаб бўлолмайди — ахир сен ҳуқуқий демократик жамиятда яшаяпсан. Сени сенинг зўрлигинг, устамонлигинг эмас, аввало, қонун ҳимоячилари ҳимоя қилсин! Агар ўзгача бўлса, қонунларни ҳижжалаб ёдлаб олишнинг ҳам фойдаси йўқдир. У барибир сени асраб қололмайди”.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг ўтган ҳафтадаги сонида ҳам матбуотга оид мақола босилди. “Муаммо ва ечим” сарлавҳали айни мақолада бундай дейилади: “Асосий муаммолардан бири маҳоратга бориб тақалади. Матбуотга доир деярли барча йиғинларда, ёзилаётган мақолаларда бир гап қайта-қайта такрорланмоқда: цензура расман бекор қилинди, аммо ички цензура юзага келди ва у газета-журналлар фаолиятига доир жамики салбий ҳолатларга сабаб бўлмоқда. Гапнинг пўсткалласини айтганда, бу баҳона аллақачон эскин бўлди. Гап — маҳоратда, ёза билишда, муаммони қўя билишда! Ёзиш маҳоратига эга, айтадиган фикри борлар ўша тарқатиб юборилган ташкилот енг шимариб ишлаб турган пайтлари ҳам ёзиб, айтиб келганлар”.

Шу ўринда “Халқ сўзи” фаолиятига оид бир воқеага эътибор қаратиш лозим кўринди.

Газета собиқ ходимларидан бирининг маълум қилишича, “Халқ сўзи”нинг 22 апрель сонида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишидан юборилган, йиғилиш ташкилотчиларининг ўзи тайёрлаган репортаж чоп этилган. Айни репортажни газета саҳифасига кўчириш чоғида қўпол хатога йўл қўйилган. Яъни янги сайланган шахслар фамилияси ишдан олинган шахслар фамилияси билан аралашиб кетган ва бу кишиларнинг ҳаммаси бирданига ишдан бўшатилгандек бўлиб қолган. Бу хатога йўл қўйгани учун газетанинг бир неча ходими ишдан ҳайдалган.
XS
SM
MD
LG