Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:47

Эски шаҳарга эътиборнинг сабаби нима?


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Тошкент шаҳри халқ депутатлари кенгашининг 22 апрель куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясидаги маърузасида пойтахт ободонлигига етарли эътибор қаратилмаётганини қаттиқ танқид қилди.

Катта қисми Тошкентнинг эски шаҳар қисми архитектураси, аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш масалаларини қамраб олган ушбу маъруза деярли бутунлай норозилик ва танқиддан иборат.

Ислом Каримов эски шаҳарда аҳолига яшаш учун қулай шароит яратилмагани, масалан, шу пайтгача канализация ўтказилмаганидан норозилик билдирар экан, пойтахт аҳолисини иш билан таъминлаш, коммунал хизмат соҳасини яхшилаш зарурлигини таъкидлади.

“Озодлик” мухбири эски шаҳарда бўлиб, бу ерда яшовчилар билан суҳбатлашганда улар ҳам газ пастлиги, уйлар совуқлиги, кўчалар ўнқир-чўнқирлигидан шикоят қилди.

Шунингдек, аҳоли вакиллари коммунал тўловлар ҳаддан ташқари юқори эканини таъкидлашни ҳам эсдан чиқармади.

Таҳлилчилар ва жамоатчиликни Тошкент шаҳрини қайта қуриш, шаҳар аҳолиси ижтимоий шароитини, турмуш тарзини кўтариш нега эндигина бунчалик долзарб масала сифатида кўтарилгани сабаблари қизиқтирмоқда.

Иқтисодчи Хайрулла Ботировнинг айтишича, эски шаҳар аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи шу вақтга қадар ҳукуматни ташвишга солмаган эди. Масалан, бу ердаги қурилиш ишлари оқибатида неча-неча кишиларнинг уйлари бузиб ташланди. Уларнинг аҳволи эса янада хароблашди.

“Нафақат эски шаҳарда, балки Тошкентнинг бошқа қисмларидаги уйлари бузилган ва кўчирилган аҳоли, бозорлар атрофида яшаётган фуқароларнинг бугунги аҳволидан ҳам шу кунгача бирор ташкилот қайғургани йўқ”, - деди Х.Ботиров.

Хайрулла Ботиров фикрича, ҳукуматнинг бирдан эски шаҳарга эътибор қаратаётгани сабаби аслида бошқа. Бу ерда аҳоли зич жойлашган ва анча қийналган. Эски шаҳар аҳлининг динга эътибори ҳам кучлироқ. Шу сабабли эски шаҳар норозилик маркази бўлиши мумкинлиги ҳукуматни ташвишга солаётир.

Жамиятшунов Баҳодир Мусаевнинг таъкидлашича, Президент маърузасининг руҳи аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғирлашиб, норозилик ортиб бориши жуда оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини ҳукумат тан олаётганидан дарак беради.

“Қирғизистондаги воқеалар аҳолининг норозилиги нималарга олиб келиши мумкинлигини кўрсатди. Тошкентни шу кунга қадар икки омил қутқариб турибди — норозилик кучайган ҳудудлардан ажратиб турган довон ва ҳисобсиз милиция. Акс ҳолда Тошкент ҳар лаҳзада норозилик тўполонлари ичида қолиши мумкин. Президентнинг ҳаракатлари мана шу ваҳиманинг аломатлари”, - деди Б.Мусаев.
XS
SM
MD
LG